1032-ҳадис

1032. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қуръонда ўттиз оятлик бир сура бор, ўқиган одам мағфират қилингунича уни шафоат қилади: У «Табаарокаллазии биядиҳил мулк»дир.

Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби бу сура ҳам ақида мавзусининг аслини муолажа қилади. 

Мулк сураси учта асосий мақсадни ўз ичига олган:

1. Аллоҳнинг азамати, тирилтириш ва ўлдиришга қодирлиги.

2. Тангрининг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтириш.

3. Қиёматга ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлиши.

Шунинг учун ҳам бу суранинг фазли улуғ бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мақтаганлар ва уни қироат қиладиганларга ушбу ҳадисдагига ўхшаб кўп нарсаларни ваъда қилганлар.

Бу сураи кариманинг ўз соҳибига то уни мағфират қилингунча шафоат қилгани учун ҳам уни «Шафоатчи» деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда уни дафндан кейин қабр устида ўқиш одатга айланган.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири ўз капасини билмасдан бир қабр устига қурди. Бирдан унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни охиргача қироат қилди.

Бас, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, капамни қабр устига қурдим. Мен унинг қабр эканлигини билмас эдим. Бирдан унинг ичида бир инсон «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни охиргача қироат қилди», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У ман қилувчи ва нажот берувчидир, қабр азобидан нажот беради», дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Шунинг учун бу сура «Сақловчи» ва «Нажот берувчи» деб ҳам аталади, чунки у бандаларни катта азобдан сақлайди. Қабр ичидаги ўқиганда унинг сиртидаги ўқиш ҳам фойдали бўлиши турган гап.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: 

«Маййит қабрга қўйилгандан сўнг (азоб фаришталари) оёқлари тарафдан келсалар, оёқлар: 

«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ, чунки у биз билан туриб кечасидаги намозда Мулк сураси ўқирди», дерлар. 

Агар бош тарафдан келсалар, тили: 

«Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ. Чунки у мен билан Мулк сурасини ўқирди, дейди», дейилган. (Имом Ҳоким ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мулк сураси ҳар бир мўмин қалбида бўлишини хоҳлардим», деганлар.

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф лаам мийм» ва «Табарокаллази биядиҳил Мулку»ни қироат қилмасдан ухламас эдилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳозиргача кўпчилик мусулмонлар Мулк сурасини ўқимасдан ухламаслик ҳақидаги ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келадилар.

1032 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مِنَ القُرْآنِ سُورَةٌ ثَلَاثُونَ آيَةً شَفَعَتْ لِرَجُلٍ حَتَّى غُفِرَ لَهُ، وَهِيَ: تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 1400، ت 2891].

وَفِي رِوَايَةِ أَبِي دَاوُدَ: «تَشْفَعُ».


Улашиш
|
|
Нусха олиш