1035-ҳадис

1035. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Мунзир! Аллоҳнинг китобидаги қайси оят буюкроқ эканини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал­ҳаййул­қаййуум», дедим. Шунда у зот кўксимга уриб, «Эй Абу Мунзир, илм сенга муборак бўлсин!» дедилар».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Ушбу ҳадис жуда ҳам улкан маъноларни ўз ичига олган. Чунки бу ҳадисда Қуръони Каримдаги энг улуғ оят қайси экани борасида сўз бормоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида катта қорилардан бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга энг улуғ оят қайси экани борасида таълим бермоқчи бўлганлар. Биринчи бор сўраганларида, “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, деб Убай ибн Каъб энг улуғ оят борасида яна қўшимча маълумотга эга бўлишни хоҳлаганлар. Демак, Убай розияллоҳу анҳу бу оят “Оятал Курсий” эканини олдин бирон саҳобадан эшитган ёки ўзлари ижтиҳод қилиб айтганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда “Оятал Курсий” Қуръони Каримдаги энг улуғ оят эканлиги таъкидланмоқда. Чунки бу оят Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, олий сифатлари зикри келган энг улуғ ва шарафли сўзлардан таркиб топгандир. Унда Аллоҳ таолонинг Ваҳдоният, Илм, Молик, Қудрат ва Ирода каби исм сифатлари зикри келган Ҳатто, баъзи муфассирлар бу оятда Аллоҳ таолонинг ўн еттита энг улуғ исмлари жамланган, деганлар.

Оятни бундай ном олшига сабаб “Курсий” сўзининг оят ичида зикри келганидир. Оятдаги “Курсий” сўзини тафсирчи олимларимиз турли хил маъноларда тафсир қилганлар. Ҳасан Басрий: “Курсийдан мурод Арш”, деган. Ибн Касир бўлса: “Курсийдан мурод Арш эмас. Арш курсийдан каттадир”, деган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Курсийдан мурод Аллоҳ таолонинг илмидир”, деганлар.

Аслида, “Курсий”нинг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч ва курсидир.

“Курсий”ни қандайлиги борасида бир донагина саҳиҳ ҳадис келган. Абу Зарр раозияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Етти қават осмон курсий билан бирга очиқ ер майдонидаги тешик ҳалқа кабидир. Курсийга нисбатан Аршнинг фазилати худди ҳалқага нисбатан майдоннинг фазли кабидир”, деганлар” (Муҳаммад ибн Абу Шайба Арш китобида ривоят қилган).

“Оятал Курсий”нинг фазли ва ҳислатлари борасида юқоридаги ҳадисдан бошқа жуда кўплаб ҳадислар келган.

Абу Умома Боҳилийдан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ҳар бир фарз намозидан кейин “Оятал Курсий”ни ўқиса, унинг жаннатга киришидан фақат ўлим тўсиб туради”, дедилар” (Насоий ривоят қилган).

Агар мўмин банда “Оятал Курсий”ни ўқишда бардавом бўлса, уни жаннатга киришидан фақатгина вафот этишигина ман қилар экан, холос.

Имом Тафтазоний бу ҳақда: “Жаннатга кириш шартларидан фақат ўлим қолади. Худди ўлим уни жаннатга киришдан тўсиб тургандек бўлади”, деганлар.

Аҳмад ибн Муҳаммад Таҳовий ушбу ҳадис шарҳида: “Ҳадисга кўра, “Оятал Курсий”ни ўқиб юрган одам қачон вафот этса, албатта, жаннатга киради. Бундан мурод, унинг руҳи жаннатдан ўрин топди ёки вафот этиши билан жаннат неъматлари билан неъматланади. Чунки қабр жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир”, деганлар.

Демак, ҳар бир фарз намозидан кейин “Оятал Курсий”ни ўқишни одат қилиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариб, қайтарган нарсаларидан сақланган бўлса, жаннатга кириши умид қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Юқорида келтирилган ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо саҳобаларга Қуръони Карим таълимотларини ўргатишга жуда қаттиқ аҳамият берганлар;

2.“Оятал Курсий” оятларнинг саййиди экани;

3.“Оятал Курсий” бирон жойда ўқилса, Шайтон у ерда тура олмай қочиши ва ўқиган инсонга зарар етказа олмаслиги;

4.“Оятал Курсий”ни доимо ўқиб юриш инсонни жаннатга олиб кириши.

1035 - وَعَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا الْمُنْذِرِ؛ أَتَدْرِي أَيُّ آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللهِ مَعَكَ أَعْظَمُ؟» قُلْتُ: اللهُ لَا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الحَيُّ الْقَيُّومُ، فَضَرَبَ فِي صَدْرِي وَقَالَ: «لِيَهْنِكَ الْعِلْمُ أَبَا الْمُنْذِرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [810].


Улашиш
|
|
Нусха олиш