1036-ҳадис

1036. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг оттирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг оттирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» дедим. У: «Қачон тўшагингга келсанг, Оятул-Курсийни ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот: «Улар нима экан?» дедилар. «У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсийни – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни бошидан бошлаб, тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар. «Йўқ», дедим. У зот: «У шайтон эди», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Демак, Оятал курси ўқилган уйдан жину шайтолар қочади ва ўқигувчини Аллоҳ таоло Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлайди.

Қуръони карим оятлари ичида энг буюги ва улуғи деб таърифланган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эртаю кеч ўқиб юришни тавсия қилган, ҳадиси шарифларда бир қанча фазилатлари баён қилинган. Барчамизга маълум бўлган Бақара сурасининг 255-ояти бўлмиш Оятал курси қуйидагичадир:

“Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” (Бақара сураси 255-оят).

Энди ушбу “Оятал курси”ни қисқа тафсири билан танишсак:

“Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир!” Аллоҳ яккаю-ягона, фақатгина Аллоҳга  ибодат қилинади. Унгагина илтижо қилиб, ҳожатлар сўралади. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш эса, катта адашиш ва Аллоҳга ширк келтиришдир. 

“У тирик ва абадий турувчидир”. Аллоҳнинг тириклиги азалий ва абадий бўлиб, уни бошланиши ҳам, тугаши ҳам йўқ. Аллоҳ барча борлиқдаги нарсани бошқарувчи ва яратувчидир. Аллоҳнинг изни ва ёрдамисиз бирор-бир кўкат ўсмас, бирор-бир барг тўкилмас, ҳеч ким ризқ топа олмас ва бирор-бир жонзот ҳаракат қила олмас ҳатто нафас ҳам ололмайди. Демак, Аллоҳ таоло еру осмондаги барча нарсани бошқариб, уларни ҳаракатга келтириб турадиган Зотдир. Ушбу “Ал-Ҳай ва Ал-Қайюм” исмларини баъзи уламоларимиз Исми Аъзам деб, бу исмлар билан дуо қилинса ижобат бўлади деганлар. Бунга Пайғамбарлар алаҳиссаломларнинг қуйидаги дуоларини мисол келтирганлар:

“Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтиришда “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар. 

Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг тахтини Аллоҳнинг изни билан олдиларида ҳозир бўлишини хоҳлаганларида “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар”.

Демак, биз ҳам дуоларимизда Аллоҳ таолонинг ушбу икки исм-сифатини айтиб, ҳожатларимизни сўрашимиз айни муддао бўлар экан.

Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Аллоҳ доимо уйғоқ. Уни бир лаҳза ҳам уйқу олмайди. 

“Солиҳлар гулшани” номли китобда ажойиб воқеа келтирилган: Бир киши бир бегона аёлга кўнгил қўйди. Ўша аёл бир кеча ўз эҳтиёжи учун бир жойга кетган эди, эркак унинг ортидан эргашди. Иккиси холи жойга борганда эркак аёлга фаҳш ишни таклиф қилди. Аёл унга: “Қара-чи, ҳамма ухлаяптимикан?” деди. Ҳалиги киши аёл зинога рози бўлди деб ўйлаб, ташқарига чиқди, одамлар яшайдиган жойларни айланиб чиқди. Ҳамма ухлаётганини кўриб, хурсанд бўлиб, ортига қайтди. Келиб, аёлга ҳамма ухлаётганини айтди. Аёл: “Аллоҳ табарока ва таоло-чи? У Зот ҳам ухлаяптими?” деди. Киши: “Аллоҳ таоло ухламайди, Уни мудроқ ҳам тутмайди”, деди. Аёл: “Ҳа, Аллоҳ ухламаган ва ҳеч қачон ухламайди ҳам. Унинг яратган махлуқотлари бизни кўрмаса ҳам, Унинг Ўзи бизни кўриб туради. Мана шундан қўрқиш керак”, деди. Эркак бу сўзлардан ларзага тушиб, аёлдан узоқлашди. Қилган иши учун Аллоҳ таолодан қўрқиб, астойдил тавба қилди. У вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб, “Аллоҳ таоло сенга қандай муомалада бўлди?” деб сўради. У: “Аллоҳдан қўрқиб, тавба қилганим учун гуноҳимни кечирди”, деди.

Осмонлар ва Ердаги барча нарсалар Уникидир. Осмону ерда нимаки бўлса, ҳаммасининг эгаси Аллоҳдир. Бу эгалик умумий бўлиб, ҳеч нарсани четда қолирмайди. Бу эгаликни ҳеч бир нарса чегаралай олмайди.

(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Дарҳақиқат, Аллоҳ изн берган зотларгина гуноҳкорларни шафоат қилади. Бу ҳақда Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

أ“Пайғамбарлар, авлиёлар, уламолар, қорилар ва тақводорлардан иборат Аллоҳ Ўзи рози бўлган зотларга шафоат қилишга рухсат беради. Натижада, улар дўзахга кирувчиларни шафоат қиладилар”.

Демак, ҳеч ким бировни ўртасига тушиб шафоатчилик қилишга журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади.

Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. 

Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган, ҳозир қилаётган ва келажакда қиладиган ишларини ҳам билfди. Демак, банда ҳар бир ишини Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилган ҳолатда қилиши ва Қиёмат куни ҳар бир қилмишидан савол-жавоб бўлишини ҳис қилиб туриши лозим.

(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар.

Демак, инсон, илмнинг чўққисига чиқдим, деб жар солганда ҳам, Аллоҳ изн берган озгина илмга эришган бўлади, холос. Шунинг учун ҳам Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:

“Мен билан сени илминг Аллоҳнинг илмини олдида худди денгиздан чумчуқ тумшуғида сув олгандекдир”, деганлар.

Демак, қайси соҳанинг илмини эгаллаган бўлишимиздан қатъий назар, илмимиз қанчалигидан асло ғурурланмаслигимиз керак.

Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. 

Мазкур ояти каримани бундай ном олишига сабаб “Курсий” сўзининг оят ичида зикри келганидир. “Курсий”нинг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч ва курсидир. Оятдаги “Курсий” сўзини тафсир илми олимлари турли хил маъноларда тафсир қилганлар. 

Ақида уламолари: “Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса, одамларнинг арши-тахти ва курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса, уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди”, дейдилар.

У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. Яъни, Аллоҳ таоло осмонлару ерни  ва улар ичидаги нарсаларни сақлашдан ва уларни тўхтовсиз бошқариб туришдан чарчамайди. Бу иш Унга ҳеч қандай оғирлик қилмайди. Бу сифат Аллоҳнинг қудрати комил ва чексиз эканлигини кўрсатади.

У Олий ва Буюкдир. Аллоҳ ҳамма нарсадан юқори ва олийдир, Аллоҳ ҳамма нарсадан улуғдир.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу ояти карима ҳақида шундай деганлар:

“Оятал курсини энг улуғ оят бўлишининг сабаби – у ўзида Аллоҳ таолонинг исм-сифатларининг энг асосийларини жамлагандир. Улар, Аллоҳнинг илоҳлиги, яккаю ягоналиги, тирик-барҳаётлиги, барча нарсани билиши, барча нарса Уни мулки экани, барса нарсага қодирлиги ва У хоҳлаган нарсагина бўлишидир. Мана шу еттиси Аллоҳ таолонинг энг асосий исм-сифатларидир”.

1036 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَكَّلَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بحِفْظِ زَكَاةِ رَمَضَانَ، فَأَتَانِي آتٍ، فَجَعَلَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَأَخَذْتُهُ فَقُلْتُ: لأَرَفَعَنَّكَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: إِنِّي مُحْتَاجٌ، وَعَلَيَّ عِيَالٌ، وَبِي حَاجَةٌ شَدِيْدَةٌ، فَخَلَّيْتُ عَنْهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا هُرَيرَةَ؛ مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ الْبَارِحَةَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ شَكَا حَاجَةً وَعِيَالًا، فَرَحِمْتُهُ، فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ. فَقَالَ: «أَمَا إِنَّهُ قَدْ كَذَبَكَ وَسَيَعُودُ» فَعَرَفْتُ أَنَّهُ سَيَعُودُ؛ لِقَوْلِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَرَصَدْتُهُ، فَجَاءَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَقُلْتُ: لأَرْفَعنَّكَ إِلَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: دَعْنِي فَإِنِّي مُحْتَاجٌ، وَعَلَيَّ عِيَالٌ لَا أَعُودُ، فَرَحِمْتُهُ وَخَلَّيتُ سَبِيلَهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؛ مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ الْبَارِحَةَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ شَكَا حَاجَةً وَعِيَالًا، فَرَحِمْتُهُ وَخَلَّيتُ سَبِيلَهُ، فَقَالَ: «إِنَّهُ قَدْ كَذَبَكَ وَسَيَعُودُ». فَرَصَدْتُهُ الثَّالِثَةَ، فَجَاءَ يَحْثُو مِنَ الطَّعَامِ، فَأَخَذْتُهُ، فَقُلْتُ: لأَرْفَعنَّكَ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَهَذَا آخِرُ ثَلَاثِ مَرَّاتٍ إِنَّكَ تَزْعُمُ أَنَّكَ لَا تَعُودُ، ثُمَّ تَعُودُ!! فَقَالَ: دَعْنِي فَإِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ يَنْفَعُكَ اللهُ بهَا، قُلْتُ: مَا هُنَّ؟ قَالَ: إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَاقْرَأْ آيَةَ الْكُرْسِيِّ؛ فَإِنَّهُ لَنْ يَزَالَ عَلَيْكَ مِنَ اللهِ حَافِظٌ، وَلَا يَقْرَبُكَ شَيْطَانٌ حَتَّى تُصْبِحَ، فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ، فَأَصْبَحْتُ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا فَعَلَ أَسِيرُكَ الْبَارِحَةَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ زَعَمَ أَنَّهُ يُعَلِّمُنِي كَلِمَاتٍ يَنْفَعُنِي اللهُ بِهَا، فَخَلَّيْتُ سَبِيلَهُ قَالَ: «مَا هِيَ؟» قُلْتُ: قَالَ لِي: إِذَا أَوَيْتَ إِلَى فِرَاشِكَ فَاقْرَأْ آيَةَ الْكُرْسِيِّ مِنْ أَوَّلِهَا حَتَّى تَخْتِمَ الآيَةَ: {اللهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الحَيُّ الْقَيُّومُ} وَقَالَ لِي: لَا يَزَالُ عَلَيْكَ مِنَ اللهِ حَافِظٌ، وَلَنْ يَقْرَبَكَ شَيْطَانٌ حَتَّى تُصْبِحَ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَمَا إِنَّهُ قَدْ صَدَقَكَ وَهُوَ كَذُوبٌ، تَعْلَمُ مَنْ تُخَاطِبُ مُنْذُ ثَلَاثٍ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟» قُلْتُ: لَا، قَالَ: «ذَاكَ شَيْطَانٌ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2311].


Улашиш
|
|
Нусха олиш