1037-ҳадис

1037. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Каҳф сурасининг аввалидаги ўн оятни ёд олган бўлса, Дажжолдан ҳимояланибди», дедилар».

Бошқа ривоятда «Каҳф суранинг охиридан» бўлиб келган. 

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, кўпчилик жума куни Каҳф сурасини қироат қилишни одат қилиб олган. 

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ Каҳф сурасини жума куни қироат қилиш мандуб, деганлар.

Каҳф сураси ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадиси шариф ривоят қилинган. Улардан баъзиларини эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: 

«Ал-Барроснинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим: 

«Бир киши Каҳф сурасини ўқиди. Ҳовлида ҳайвон бор эди. Ҳайвон безовта бўла бошлади. Одам қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, у зот: 

«Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар.

Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», деганлар.

Шу маънода бир-бирини қувватловчи ҳадислар анчагина келган.

Каҳф сурасини ўрганиб чиққанимиздан кейин бу сурани тез-тез ўқиб туришга тарғиб этувчи ҳадислар аҳамиятини яна ҳам кўпроқ тушунамиз.

Чунки бу сураи каримада ҳар бир инсон ҳаёти давомида учраши мумкин бўлган фитналар, мол-дунё ишқи, дунё ҳодисалари, ва бошқа фитналар ҳақида, улардан четлашиш зарурлиги хусусида баҳс юритилган.

Демак, ҳар бир инсон мазкур фитналардан омон юриши учун ушбу ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар куни Каҳф сурасининг аввалидан ўн оят, ҳар жума аввалидан охиригача тадаббур ила тиловат этиб туришни ўзига вазифа қилиб олса, жуда ҳам яхши бўлади.

1037 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ حَفِظَ عَشْرَ آيَاتٍ مِنْ أَوَّلِ سُورَةِ الْكَهْفِ عُصِمَ مِنَ الدَّجَّالِ». 

وَفِي رِوَايَةٍ: «مِنْ آخِرِ سُورَةِ الكَهْفِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [809].


Улашиш
|
|
Нусха олиш