1040-ҳадис

1040. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешона ва оёқ-қўлларидан оппоқ нур таралиб турган ҳолларида чақирилади. Сизлардан ким нурини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», деганларини эшитганман».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифларида таҳоратнинг фазилати қиёмат куни қай тарзда намоён бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. 

Қиёмат қоим даҳшатлари, у куннинг зулматлари ва тўс-тўполонлари маълум. У кунда биров-бировни таний олмайди. Кўпларнинг юзи қорайган, уларнинг бетларини ғубор қоплаган бўлади. Аммо бир гуруҳ одамлар юзларидан ва қўл-оёқларидан кишининг ҳавасини келтирадиган даражада нур таралиб, гўзал ҳолатда ажралиб турадилар. Бу бахтиёр инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир, умр бўйи таҳорат қилиб, намоз ўқиб ўтган мусулмонлардир. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қуйидагиларни айтадилар: 

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар». 

Биз, аввалига пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолда, деб таржима қилган сўз ҳадиси шариф матнида «ғурран муҳажжалийн» деб келган. Арабларда аслида «ғурран» лафзи пешонаси оппоқ қашқа отга, «муҳажжалийн» эса олд ва орқа оёқларининг туёқларидан юқори қисми оппоқ бўлган отга айтилади. Одатда бу тоифа отлар гўзаллиги билан ҳар қанча кўп отлар ичида ҳам ажралиб, танилиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам, бу дунёда умр бўйи таҳорат қилиб ўтганлари туфайли у дунёда таҳорат суви теккан жойлари оппоқ бўлиб, кишининг ҳавасини келтирадиган даражада ялтираб, порлаб турар экан.

Бу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

1. Қиёмат кунининг қоим бўлишига шак йўқлиги.

2. Таҳоратнинг қанчалик фазилатли экани.

3. Қиёмат кунида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари таҳорат асаридан пешона ва қўл-оёқларидан нур таралган ҳолда чақирилишлари.

4. Қиёмат кунида таҳорат асаридан пешонада пайдо бўладиган нурни узайтириш имкони борлиги. Бунинг учун юзни ювганда бўйин тарафларни ҳам қўшиб ювмоқ кераклиги.

5. Қиёмат кунида таҳорат асаридан қўл ва оёқда пайдо бўладиган нурни узайтириш имкони борлиги. Бунинг учун қўл тирсакдан юқорисини ҳам қўшиб, оёқ тўпиқдан юқорисини ҳам қўшиб ювмоқ лозимлиги. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, ушбу ҳадиснинг ровийи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам худди шундоқ қилганлар.

Одатда, таҳорат қилаётганда юз тўлалигича, қўл чиғаноғи билан, оёқ тўпиқ билан қўшиб ювилади. Негаки, инсоннинг бу аъзолари доимо чанг-тўзон ва турли нопокликларга дучор бўлиб туради. Исломда айнан ана шу аъзоларни кунига бир неча бор яхшилаб ювиш ҳар бир мусулмонга фарз қилинган ва у таҳорат деб аталади. 

Таҳоратсиз инсоннинг амали кесик. Бусиз ҳеч бир мўмин ўзига фарз бўлган намозни ўқий олмайди, қолаверса, таҳоратсиз киши қўлига Қуръон тутиши мумкин эмас. Шунингдек, умрида энг улуғ ишлардан ҳисобланган Байтуллоҳ тавофини ҳам қила олмайди.

Аллоҳ таоло бу ишларни адо қилиш учун банда таҳоратли бўлишини шарт қилиб қўйган. Бундан банданинг ўзи фойда кўради. Аввало, таҳоратли банда доимо пок юради, турли кирлик ва унинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган иллат ҳамда касалликлардан холи бўлади. Охиратда доимо таҳорат-ла юрувчиларга, аъзоларини пок ва тоза тутувчиларга улкан мартаба ваъда қилинмоқда.

Умрида доимо Аллоҳнинг амрини қилиб, яхши ният билан шариат ҳукмига бўйсуниб, таҳорат билан ибодатларни адо этиб юрган кишилар қанчалар ҳам бахтли кишилар экан! Уларнинг ҳар бир ибодати аввало – бу дунёда, муҳими – у дунёда чексиз бахт-саодатга сабаб бўлади. Таҳоратлари қиёмат куни юзлари ва оёқ-қўлларидан нур бўлиб порлаб, ҳаммадан ажралиб турадилар. 

Бу дунёда баданларининг таҳорат суви етган жойларидан таралиб турган ажойиб нур қиёматда уларнинг охират саодатига эришганликлари рамзи бўлади экан. Бу нур уларни бу дунёда таҳорат қилмай ўтганлиги учун юзи қаро бўлиб, дўзахга маҳкум қилинган бахтсизлардан ажратиб турса, қандай яхши! Шундай бўлгач, доимо таҳоратли юрайлик, пешона ва қўл-оёқларимиздан қиёмат куни тараладиган нурни узайтиришга ҳаракат қилайлик!

1040 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ أُمَّتِي يُدْعَوْنَ يَوْمَ القِيَامَةِ غُرّاً مُحَجَّلِينَ مِنْ آثَارِ الوُضُوءِ، فَمَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمْ أَنْ يُطِيلَ غُرَّتَهُ، فَلْيَفْعَلْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 136، م 246/35].


Улашиш
|
|
Нусха олиш