1041-ҳадис

1041. Яна у кишидан ривоят қилинади:

“Халилим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Мўминнинг зийнати таҳорат суви етган жойгача боради», деганларини эшитганман», , деганларини эшитганман».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Халил - энг яқин ва сирдош дўст дегани.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил этиб олганининг хабари келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни «халилим» дейишлари, у кишининг ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббатларидандир.

Безак эса мўмин банданинг қиёмат куни Аллоҳ томонидан безалишидир. Аллоҳ таоло аҳли жаннатнинг васфида: 

«Ва улар тилло ва лаълидан бўлган безаклар ила безалурлар. Ва у ер (жаннат)даги либослари ипакдир», деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифда: 

«Мўминнинг безаги таҳорат суви етган жойгача бўлади», дейишларидан, ҳар кимнинг безаги ҳар хил бўлиши келиб чиқмоқда. Демак, бу дунёда таҳоратни яхшилаб қилган мўминнинг у дунёдаги безаги ҳам яхши бўлади, кўп таҳорат қилганнинг безаги кўп бўлади. Шунингдек, банданинг қайси жойларига таҳорат суви етган бўлса, безаги ҳам ўша жойларгача етиб боради.

Биз мўминлар шу билан бахтлимизки, ҳозирдаёқ охиратдаги безагимизни хоҳлаганимизча яхшилаб олиш имконимиз бор. Бунинг учун эса ўз вақтида таҳоратимизни комил қилишимиз ва баданимизнинг кўпроқ жойига таҳорат сувини етказишимиз керак, холос.

Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича: 

Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра намоз учун таҳорат қилаётган эди. Мен унинг орқасида турган эдим. У қўлини қўлтиғигача етказиб ювди. Мен унга: «Эй Абу Ҳурайра, бу қанақа таҳорат?» деган эдим, у шундай деди: «Эй Бану Фаррух, сизлар шу ерда экансизлар-да! Шу ердалигингизни билсам, бундай таҳорат қилмас эдим. Мен Халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мўминнинг зийнати таҳорат суви етган жойгача боради», деганларини эшитганман». (Имом Муслим ривояти)

1041 - وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ خَلِيلِي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «تَبْلُغُ الحِلْيَةُ مِنَ الْمُؤْمِنِ حَيْثُ يَبْلُغُ الوُضُـوءُ». رَوَاهُ مُسْـلِمٌ [250].


Улашиш
|
|
Нусха олиш