1043-ҳадис

1043. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Ким мана шундай таҳорат қилса, аввалги гуноҳлари мағфират қилинади. Унинг (ортидан ўқиган) намози ва масжид сари юриб боргани қўшимча савоб бўлади», деганлар».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича:

Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинади:

«Мен Усмон ибн Аффонга таҳорат суви олиб келдим. У таҳорат қилди-да, шундай деди: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, деб ҳадис айтишади, лекин мен унинг нима эканини билмайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу таҳоратим каби таҳорат қилганларини кўрганман. Сўнгра у зот: «Ким мана шундай таҳорат қилса, аввалги гуноҳлари мағфират қилинади. Унинг (ортидан ўқиган) намози ва масжид сари юриб боргани қўшимча савоб бўлади», деганлар». (Имом Муслим ривояти).

Усмон (р.а.)нинг қандай таҳорат олганлиги ҳадис китобларимизнинг таҳорат бўлимларида фарқли фақат мазмуни бир хил бўлган ривоятлар билан очиқланган. Хизматчиси Ҳумроннинг ривоят қилишича Усмон (р.а.) олдин таҳорат сувини олиб келиб, биринчи қўлларини уч марта ювиб сўнгра оғзига ва бурнини сув билан тозалаб, юзларини уч марта ювиб сўнг ўнг қўлини тирсакларигача уч марта ювиб, сўнгра чап қўлини хам худди шу тарзда ювиб, кейин эса бошига масҳ тортганлигини изоҳлайди. Сўнг ўнг оёқларини тўпиқларигача уч марта ювиб кейин эса чап оёқларини ҳам айни шу шаклда уч марта ювиб таҳоратини тамомлаб, Пайғамбаримизнинг ҳам шу шаклда таҳорат олганликларини айтган. 

Ҳадиснинг ровийларидан бири бўлган машҳур олим Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий: «Уламоларимиз намоз ўқимоқчи бўлган кимса учун бу таҳорат тарзининг энг мукаммали эканлигини айтганлар», деб нақл қилганлар. Бу каби ривоятлар Пайғамбаримизнинг суннатини саҳобалар томонида кўрсатилган тарзда ўргатишганлигининг далили ҳисобланади. Балки шу сабаб ҳаракат билан кўрсатиб берилган суннатлар оғзаки айтилган суннатларга нисбатан кўпроқ тарқалган бўлиши мумкин. 

Таҳорат сабаб кечириладиган гуноҳлар юқорида айтиб ўтилганидек буюк гуноҳлар ва қул хаққига нисбатан бўлган гуноҳлардан бошқа кичик гуноҳлар ва билиб билмай қилинган хатолардир. Таҳорат туфайли кичик гуноҳлар кечирилгандан сўнг кишининг масжидгача юриб келиши, намоз ўқиши ва нафл ибодатлари инсонга савоб олиб беради. Нафл ибодатлар кишини Аллоҳга яқинлаштиради,  Жаннатдаги мартабасини ҳам юқорига кўтаради. Бунча маълумотлардан сўнг таҳоратнинг муҳимлиги янада яхшироқ англашилган бўлса ажаб эмас. 

1043 - وَعَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ تَوَضَّأَ مِثْلَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَالَ: «مَنْ تَوَضَّأَ هَكَذَا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ، وَكَانَتْ صَلَاتُهُ وَمَشْيُهُ إِلَى الْمَسْجِدِ نَافِلَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [229].


Улашиш
|
|
Нусха олиш