1045-ҳадис

1045. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабристонга келиб, «Ассалааму алайкум, дааро қовмин муъминийн! Ва иннаа иншааллоҳу бикум лааҳиқуун.* Қанийди биродарларимизни кўрсак», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди. «Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз эса ҳали келганларича йўқ», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, умматингиздан ҳали келмаганларни қандай танийсиз?» дейишди. «Айтинглар-чи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида пешонаси ва оёқ-қўллари оппоқ қашқали отлари бўлса, ўша отларини таниб оладими?» дедилар. «Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У зот шундай дедилар: «Улар таҳоратдан пешоналари ва оёқ-қўллари порлаган ҳолда келишади. Мен уларнинг Ҳавздаги фаратиман.

Имом Муслим ривояти. 

* «Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Иншааллоҳ, биз ҳам ортингиздан етиб борамиз».

* «Фарат» деб сув ёки манзилга ҳаммадан олдин бориб, ҳозирлик кўриб турадиган киши ёки гуруҳга айтилади.

Шарҳ: Огоҳ бўлинглар, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди адашган туя ҳайдалгандек ҳайдаладилар. Мен: «Ҳой, бу ёққа келинглар!» деб уларга нидо қиламан. Шунда: «Улар сендан кейин (динни) ўзгартириб юборишди», дейилади. «(Ундай бўлса) даф бўлишсин, даф бўлишсин!» дейман».

Ушбу ҳадиси шарифда машҳур ҳодиса ва унда бўлиб ўтган гапларнинг баъзи тарафлари зикр қилинмоқда.

Аслида воқеа қуйидагича бўлган эди. Бир куни саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўядилар. Бир-бирларидан сўраб-суриштирадилар. Кимдан сўрасалар, ҳозир шу ерда кўрган эдик, дейди. Сўраб-сўраб бориб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қабристондан топадилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни йўқотиб қўйиб, кўнглимизга ҳар хил гаплар келди, хавотир бўлдик», дейишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан, ушбу ҳадисда келган гапларни айтадилар.

Ушбу ҳадисда келган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобаи киромлар орасидаги суҳбат ўша қабристонда бўлиб ўтган. Келинг, ушбу суҳбатни батафсил ўрганиб чиқайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, аввало, қабристонни зиёрат қилувчининг одобига амал қилиб:

«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз», деб қабр аҳли мўмин-мусулмонларга салом бердилар. Сўнг:

«Биродарларимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар».

Саҳобалар ўзларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари, деб билишар эди. Шунинг учун у зотнинг бу гапларидан ажабландилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди. У зот: 

«Сиз саҳобаларимсиз, биродарларимиз ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар. 

Яъни, сизлар суҳбатимни топган саҳобаларимсиз. Аммо, биродарларимиз ҳали-ҳануз келишганлари йўқ, кейинчалик келадилар, дедилар. 

Бошқа бир ривоятда: «Мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан, менга иймон келтирадилар». деганлар. 

Бу гапдан кейин саҳобаларда янги савол пайдо бўлди. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни кўриб, таниб олганлар. Аммо ўзларидан кейин келган умматларини кўп халойиқнинг ичидан қандоқ таниб олар эканлар, деб ўйладилар ва: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?» дейишди.

Албатта, гап қиёмат куни ҳақида кетмоқда. Чунки у кундан бошқа вақтда кўришиш, танишиш имкони йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга мисол келтириш билан жавоб бердилар:

«Айтинг-чи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ-қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса таний оладими?» дедилар. Саҳобалар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, улар юзлари ва оёқ-қўллари таҳоратнинг асаридан порлаган ҳолда келурлар», дедилар.

Яъни, мендан кейин келган умматларим қиёмат куни куфр ва гуноҳдан қоп-қора бўлиб кетган одамлардан ажралган ҳолда, таҳорат қилганда сув теккан жойлари, юзлари ва оёқ-қўллари гўзал бўлиб порлаган ҳолларида келурлар. Мен уларни ана ўша аломатларидан таниб олурман, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари таҳорат нақадар фазилатли эканини кўрсатади. Мўмин-мусулмон одам намоз ўқиши, тавоф қилиши ва Қуръон ушлаши ва ўқиши учун таҳорат қилмоғи шарт. Умуман, доимо таҳоратли юриши эса фазилат. Таҳоратнинг фазллари жуда кўп. Жумладан, таҳорат қилган одам ҳар аъзосини ювганда ўша аъзолардаги гуноҳлар тўкилиши ҳақида ҳадислар бор. Аммо бу ҳадисда ҳақиқий мўмин-мусулмон одамда таҳоратининг асари қиёмат куни қандоқ зоҳир бўлиши баён қилинмоқда.

Қиёмат қойим. Ҳаммаёқда мисли йўқ алғов-далғов. Одам Атодан тортиб, то қиёматгача яшаб ўтган халойиқ қайта тирилтирилиб, Маҳшаргоҳга тўпланган. Қиёматнинг даҳшатидан гўдакларнинг сочи оқарган, эмизикли аёллар ўз боласини унутган. Ота болани, бола отани танимайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Биров-бировни таниши у ёқда турсин, кўрмайди ва сезмайди ҳам. Ана шундай тўс-тўполоннинг ичида, шунча халойиқнинг орасида фақат бир киши ўз одамларини осонгина таниб олади. У зот Роббил оламиннинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло ўз ҳабиби учун умматларини осон таниб олишни таъминлаган. Ажойиб, гўзал бир аломат қилиб қўйган. Бу аломат мўмин банданинг бу дунёда иймон ва ихлос билан қилган таҳорати асаридир. Қиёмат куни мўмин банданинг таҳорат олганда сув теккан аъзолари оппоқ бўлиб порлаб туради.

Кофирлар, мунофиқлар, бетаҳоратлар юзлари, баданлари, оёқ-қўллари қоп-қора ҳолатда, хору зор юрганларида, мўминларнинг юзлари, оёқ-қўлларидан нур порлаб туради. Маҳбуб пайғамбарлари уларни ана ўша нурдан таниб оладилар. Шунинг учун ҳам таҳоратни кўпроқ қилиш, ҳамиша таҳоратли юриш керак. Ким бу ишни кўпроқ қилса, қиёмат куни юзи, қўл-оёқларидан порлайдиган нури кўп бўлади, оз қилса оз. Қилмаса, нури умуман бўлмайди. Расулуллоҳ уни танимайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида таҳорат асаридан юзи, оёқ-қўллари порлаб турган умматларини қаерда кутиб олишларини ҳам айтмоқдалар:

«Мен уларнинг ҳовуз устида кутиб олувчилариман».

Бу ҳовуз ҳақида ўттиздан ортиқ соҳобалардан турли ҳадислар ривоят қилинган.

Имом Бухорий ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийладан Яманнинг Санъосигачадир. Ундаги кўзалар юлдузларнинг ададичадир», деганлар.

Ҳовуз ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносидан қуйидаги маълумотлар чиқади: бу ҳовуз жуда улкан, муҳтарам бир жойдир. Унга жаннатдаги Кавсар анҳоридан шароб оқиб келади. Унинг шаробининг ранги сутдан оқ, муздан совуқ, асалдан ширин, мушкдан кўра хушбўйдир. У жуда кенг бўлиб, бўйи билан эни тенгдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Ҳар бир Пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг каттаси, энг ширини ва энг кўп одам келадиганидир», дейилган.

Бу ерда ҳам ўша ҳовуз ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур ҳовуздан шароб ичиш, жаннатийликнинг аломати, улкан бахт ва буюк саодатдир. Пайғамбаримиз ўша ҳовуз устида туриб, таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўлларида нур порлаб турган умматларини кутиб оладилар. Бу дунёда Исломда бўлганлар таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўллари порлаган ҳолда келиб, Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам устида кутиб турган ҳовуз шаробидан ичиш бахтига муяссар бўладилар.

Аммо бошқача ҳолат ҳам бўлади. Бу кўнгилсиз ҳолатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича васф қиладилар: 

«Огоҳ бўлингким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар».

Қочган туя ўзи хоҳлаган томонга кетаётганда йўлини тўсиб чиқиб, узоқдан ҳайдаб қайтарилади. Бахтли умматлар келиб, ҳовуздан шароб ичаётган бир пайтда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталар ҳовуздан шароб ичиш мақсадида келаётган баъзи одамларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, худди қочган туяни мақсадига етишдан қайтараётгандек қайтараётганларини кўрадилар. Кейин нима бўлишини қуйидагича баён қиладилар:

«Мен: «Ҳой, бу ёққа келинглар», деб нидо қилурман».

Яъни, Пайғамбаримиз ҳалиги одамларнинг қайтиб кетаётганларини кўриб, ўз ҳузурларига чақирадилар. У шўрликлар жавоб беришга ожизлар. Шунда фаришталар томонидан:

«Улар сендан кейин ўзгартириб юбордилар», дейилади.

Яъни, ўша ҳовуздан қайтарилаётганлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин эътиқодни, динга амал қилишни, Қуръон ва Суннатни маҳкам тутишни ўзгартириб юборганлар. Улар эътиқодни бузганлар, Исломга амал қилмай қўйишган ёки баъзисига амал қилиб, баъзисига амал қилмайдилар. Шунинг учун ҳовуздан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилмоқдалар. Буни эшитиб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима дейишларини У зотдан эшитайлик:

«Мен:

«Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар», дейман».

Яъни, йўқолсинлар, ҳовузга яқин келмасинлар, дейдилар. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин нотўғри йўлга кетганлардан юз ўгирадилар. Эътиқодни, динни ҳамда Китоб ва Суннатга амал қилишни ўзгартирганларга ҳалокат тилайдилар.

Уларнинг ўзларининг ҳовузларидан шароб ичмасликларига рози бўладилар.

Ушбу ҳадиси шарифни яхши тушуниб, унинг тақозоси бўйича иш тутсак, ҳар биримиз қиёматда таҳорат асаридан порлаб турадиган нуримиз кўпроқ ва кучлироқ бўлиши учун ҳаракат қилсак қандоқ ҳам яхши бўлар эди. Ҳар биримиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларидан сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй шаробдан ичишга мушарраф бўлиш учун қўлимиздан келган ҳар бир ишни ҳозирдан бошласак қандоқ яхши бўлар эди. 

Бунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида Қуръон ва Суннатга қандоқ амал қилинган бўлса, ҳозирда ҳам ана шу даражага эришиш учун ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

1045 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَتَى الْمَقْبَرَةَ فَقَالَ: «السَّلَامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَومٍ مُؤْمِنِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَاحِقُونَ، وَدِدْتُ أَنَّا قَدْ رَأَيْنَا إِخْوَانَنَا»: قَالُوا: أَوَلَسْنَا إِخْوَانَكَ يَا رَسُولَ اللهِ؟! قَالَ: «أَنْتُمْ أَصْحَابِي، وَإِخْوَانُنَا الَّذِينَ لَمْ يَأْتُوا بَعْدُ» قَالُوا: كَيْفَ تَعْرِفُ مَنْ لَمْ يَأْتِ بَعْدُ مِنْ أُمَّتِكَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَقَالَ: «أَرَأَيْتَ لَوْ أَنَّ رَجُلًا لَهُ خَيْلٌ غُرٌّ مُحَجَّلَةٌ بَيْنَ ظَهْرَيْ خَيْلٍ دُهْمٍ بُهْمٍ أَلَا يَعْرِفُ خَيْلَهُ؟» قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «فَإِنَّهُمْ يَأْتُونَ غُرّاً مَحَجَّلِينَ مِنَ الوُضُوءِ، وَأَنَا فَرَطُهُمْ عَلَى الحَوْضِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [249].


Улашиш
|
|
Нусха олиш