1049-ҳадис
1049. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима (савоб) борлигини билганларида эди, кейин бунинг учун қуръа ташлашдан бошқа (чора) топа олишмаса, албатта қуръа ташлашарди. (Намозга) эрта боришда нима (савоб) борлигини билганларида эди, бунинг учун мусобақалашишарди. Хуфтон ва бомдодда нима (савоб) борлигини билганларида эди, уларга эмаклаб бўлса ҳам келишарди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг аввалида қуйидаги қўшимчалар бордир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Бир одам йўлда юриб кетаётиб тикан шохини кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди», дедилар. 
Сўнгра У зот: 
«Шаҳидлик бештадир: вабода ўлган, қорин оғриғи билан ўлган, сувга ғарқ бўлиб ўлган, қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган ва Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча фазилатли, савобли ишларга тарғиб қилмоқдалар:
1. Йўлдаги кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Бу масалани иймоннинг шўъбаларини ўрганиш фаслида батафсил кўриб чиқамиз.
Ҳадиси шариф ўтган умматлардан бир киши йўлда ётган тикан шохини олиб ташлаб йўловчиларни озордан сақлагани учун Аллоҳ унга Ўз раҳматини юбориб, гуноҳларини мағфират қилгани ҳақидаги ривоят билан бошланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан, агар сиз ҳам шу нарсани қилсангиз ўша даражага эришасиз, демоқчилар.
2. «Шаҳидлик бештадир»:
а) «Вабода ўлган».
Бир юртга вабо тарқалсаю, Исломда вабо тарқалган жойдан бошқа ерга чиқиб бўлмайди, деб ўша ерда сабр қилиб туриб ўлган одам шаҳид бўлади. Чунки у одам динимиз ҳукмига амал қилди ва вабонинг бошқа томонларга тарқалмаслиги учун ҳисса қўшди.
б) «Қорин оғриғи билан ўлган».
Бу ҳам кишининг афсус қиладиган даражада ўлишининг бир туридир. Хусусан, ўша вақтларда бу касалга нисбатан ўзига яраша бошқача назар билан қаралган бўлса мумкин.
в) «Сувга ғарқ бўлиб ўлган».
Бу ўлим тўсатдан ва фожиали равишда бўлиши ҳаммага маълум. Шунинг учун ҳам бундоқ ўлим топган одам шаҳид ҳукмида бўлади.
г) «Қулаган нарсанинг остида қолиб ўлган». 
Ўша вақтларда асосан йиқилган деворнинг остида қолиб ўлганлар тушунилган. Бунда ҳам ғарқ бўлиб ўлган каби ҳолатлар борлиги учун шаҳид ҳукми берилган.
д) «Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлганлар»
Ислом йўлида душманларга қарши жангда ҳалок бўлган кишилар. ҳақиқий шаҳидлар шулар эканлиги ҳаммага маълум.
3. Азонга жавоб бериш ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ўта фазилатли иш экани.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бундан кейин келадиган ишлар савобининг миқдори ва ҳажми ҳақида рақам ёки баъзи бир ўхшатишларни ишлатмаяптилар. Уларнинг қанчалик эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Лекин ҳадисда агар ўша нарсаларга бериладиган савоб ҳақиқатини бандалар билиб қолсалар, нима қилишлари васф этилмоқда.
«Агар одамлар азонда ва биринчи сафда нима борлигини билганларида, сўнгра қуръа ташлашдан бошқа илож топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлур эдилар». 
Одатда одамлар ичида бирор нарсага ниҳоятда катта қизиқиш бўлганда, ҳамма ўзи ўша нарсага эришишини истаганда иш қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинади. 
Азон ва жамоат намозида биринчи сафда туриш ана шундоқ катта қизиқиш билан талпинишимиз лозим бўлган ишлардан экан. 
Ҳар бир мусулмон бор имконини ишга солиб бўлса ҳам, ҳатто қуръа ташлаб бўлса ҳам бунга эришишга ҳаракат қилмоғи лозим экан. 
4. «(Намозга) эрта боришда нима (савоб) борлигини билганларида эди, бунинг учун мусобақалашишарди». 
Агар одамлар бу намозни жамоат билан ўқиган одам учун бериладиган савоб ҳақиқатини англаб етсалар, унга ким ўзарга борар, бошқалардан олдинроқ бориб, ўша савобга эришишга тиришар эканлар. 
5. «Агар хуфтон ва бомдод намозларида нима борлигини билганларида уларга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар».
Бу васф ҳам мазкур икки намозни жамоат билан ўқиган кишиларга бериладиган савобнинг нақадар улканлигини кўрсатиб турибди.
Демак, намозларни жамоат билан ўқишга, жамоат намозида биринчи сафда туришга ҳаракат қилишимиз лозим.

1049 - عَنْ أَبي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي النِّدَاءِ وَالصَّفِّ الأَوَّلِ، ثُمَّ لَمْ يَجِدُوا إِلَّا أَنْ يَسْتَهِمُوا عَلَيهِ لاسْتَهَمُوا عَلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي التَّهْجِيرِ لاسْتَبَقُوا إِلَيْهِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي العَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لأَتَوهُمَا وَلَوْ حَبْواً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 615، م 437].
«الإسْتهامُ»: الاِقْتِرَاعُ، «وَالتَّهْجِيرُ»: التَّبْكِيرُ إِلَى الصَّلَاةِ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш