105-ҳадис

105. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кучли мўмин Аллоҳ учун кучсиз мўминдан яхшироқ ва суюклироқдир, лекин иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойда берадиган нарсага ҳарис бўлгин. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожизлик қилма. Сенга бирор мусибат етса, «Бундай қилганимда шундай-шундай бўлар эди», демагин, балки «Аллоҳнинг тақдири, У Зот хоҳлаганини қилади», дегин, чунки «агар...» (дейиш) шайтоннинг амалига (йўл) очади».

 

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда дангаса, ғайратсиз, заиф мўминдан кўра, жисми бақувват, ҳаракатчан, ибодатда ғайратли мўмин Аллоҳ таолога бандалари ичида севимли эканлиги маълум бўлмоқда.

Уламолар ҳадис умумий маънода келганлиги боис ушбу ҳадисдаги кучли мўминдан мурод – дин ва дунё ишларида, деб ҳам шарҳлаганлар. Бироқ, агар инсон диний ва дунёвий манфаатларга бир вақтнинг ўзида рўбарў келса, албатта, диний манфаатни биринчи ўринга қўйиши керак. Чунки агар динда тўғри бўлса, дунёси ҳам тўғри бўлади. Агар дунё динни бузиш билан тўғриланса, шубҳасиз у дунё инсонни бузувчига айланади.

Шу билан бир қаторда, кучли мўминдан мурод – куч-қувватини бекорчи, ўзига ва динига фойда бермайдган ишлар билан машғул бўлмасдан балки, ўзига ва ўзгаларга манфаат берувчи ишлар билан машғул бўлишига ҳам ишорадир. Шундай экан кучли мўмин вақтини қадрлаб, ундан тўғри фойдаланишда ҳарис бўлади.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳаётига назар солар эканмиз баъзилари тинимсиз Қуръон ўқишлари, бошқалари эса туни билан ухламай ибодат қилиб чиқишлари ёки кўп рўза тутишларини билиб оламиз. Бу эса уларнинг кучли мўмин бўлишлари билан бир қаторда, вақтларини зое кетказишдан қўрққанларидан деб, билишимиз мумкин бўлади.

Мисол учун Абдуллоҳ бин Амр розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Ҳар бир ойда уч кун рўза тутиш билан кифоялангин”, дедилар. Абдуллоҳ: “Ё Аллоҳнинг Расули, мен қувватлироқман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам унга Довуд алайҳиссаломнинг тутган (кунора) рўзаларига далолат қилиб, зиёда қилиб бердилар.

Қолаверса, ҳадисларда касб борасида гапирилар экан инсонни ғайратга даъват қилиб, гарчанд тоғлардан ўтин олиб келиб, уни сотиб кун кечириш, бирор-бир кишидан ҳожатманд бўлиб, сўраб олгандан яхшилиги тўғрисида ишоралар бор. Бу эса мусулмон кишига доимо ҳаётда фаол ва ҳаракатчан бўлиши лозимлигига ишорадир.

Ислом инсон ҳаётининг фақат руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Мусулмон файласуфлар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки поясига ўхшатишади, яъни икки тараф баравар – тенг бўлишига эътибор бериш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга, бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳадиси шарифдан кучли, чиниққан бўлишнинг нақадар афзаллигини тушуниб оламиз.

Мазкур ҳадисда таъкидланганидек, кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида маҳбуб бўлар экан, бундай фазилатга эга бўлиш ҳар бир мўмин учун зарурдир. Башарти, жисмоний мусобақа кишиларнинг кучли, чидамли бўлиши йўлида ташкил этилса, маъқул.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз аёллари Оиша онамиз билан югуриш бўйича мусобақа қилганларида ортда қолганлар.

Кейинроқ, Оиша онамиз бирмунча тўлишиброқ қолганларида яна бир марта мусобақалашганларида Пайғамбаримиз ўзиб кетганлар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аввалгиси билан биру бир бўлди», деганлар.

Шунингдек, у зотнинг ўзлари ёш болалар ўртасида югуриш бўйича пойга уюштирганлари ҳақида ривоятлар бор. Бундан ташқари, муҳим топшириқларни бажаришни ихтиёр қилган ёш саҳобаларни аввал кураштириб кўриб, ким ғолиб чиқса, ўшанга шарафли юмушни топширганлар.

105 - السَّادِسُ: عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الْمُؤمِنُ الْقَوِيُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنَ الْمُؤْمِنِ الضَّعِيفِ، وَفِي كُلٍّ خَيْرٌ، اِحْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعُكَ، وَاسْتَعِنْ بِاللهِ وَلَا تَعْجِزْ، وَإِنْ أَصَابَكَ شَيءٌ فَلَا تَقُلْ: لَوْ أَنِّي فَعَلْتُ كَانَ كَذَا وَكذَا، وَلَكِنْ قُلْ: قَدَّرَ اللهُ، وَمَا شَاءَ فَعَلَ، فَإِنَّ لَوْ تَفْتَحُ عَمَلَ الشَّيْطَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2664].


Улашиш
|
|
Нусха олиш