1052. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намозга азон айтилганида, шайтон азонни эшитмаслик учун ел чиқариб, ортига қарамай қочади. Азон айтиб бўлингач, яна келади. Намозга иқома айтилса, яна ортига қараб кетади. Иқома айтиб бўлингач, одамнинг дилига васваса солиш учун яна қайтиб келади. Эсламаётган нарсасини эслатиб: «Уни эсла, буни эсла», дейди. Натижада киши қанча намоз ўқиганини ҳам билмайдиган бўлиб қолади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда азон ва иқоматнинг қанчалик фазилатли нарса экани ҳақида сўз бормоқда. Дунёдаги барча ёмонлик, куфр, исён ва васвасанинг эгаси бўлган шайтонни шунчалар қўрқитган нарсалар фазилатли бўлмай, нима фазилатли бўлар эди?!
Азон айтилганда қаттиқ қочганидан шайтоннинг орқасидан ел чиқиб кетади экан. Бу ҳол унга Аллоҳнинг улуғлаш билан кўтарилган овоз нақадар қаттиқ таъсир қилишини кўрсатиб турибди.
Шунингдек ўттиз ёки қирқ мил узоқликка қочиши ҳам ҳазил иш эмас. Бу Аллоҳнинг улуғлигини юксакларга кўтариб азон ва иқома айтилган жойда шайтон бўлмайди, деганидир.
Шу билан бирга, азон ва иқомат айтувчи муаззинларнинг ҳам фазли борлигини унутмайлик.
Шайтон инсонни намозда қандоқ васваса қилиши бу ҳадиси шарифда ажойиб услуб ила баён қилиб берилмоқда. Демак, намоз ўқиган пайтимизда ўша васвасадан узоқ бўлиш йўлларини ахтаришимиз керак.
1052 - وَعَنْ أَبِي هُريْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا نُودِيَ بِالصَّلَاةِ، أَدْبَرَ الشَّيْطَانُ لَهُ ضُرَاطٌ حَتَّى لَا يَسْمَعَ التَّأْذِينَ، [فَإِذَا قُضِيَ النِّدَاءُ أَقْبَلَ، حَتَّى إِذَا ثُوِّبَ لِلصَّلَاةِ أَدْبَرَ]، حَتَّى إِذَا قُضِيَ التَّثْوِيبُ أَقْبَلَ، حَتَّى يُخْطِرَ بَيْنَ الْمَرْءِ وَنَفْسِهِ يَقُولُ: اذْكُرْ كَذَا، وَاذْكُرْ كَذَا - لِمَا لَمْ يَذْكُرْ مِنْ قَبْلُ - حَتَّى يَظَلَّ الرَّجُلُ مَا يَدْرِي كَمْ صَلَّى». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 608، م 389/19].
«التَّثْوِيبُ»: الإِقَامَةُ.