1053. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Муаззинни (азон айтаётганини) эшитсангиз, унинг айтганини айтиб туринглар, кейин менга салавот айтинглар. Ким менга бир марта салавот айтса, бунинг учун Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кейин менга Аллоҳдан васила сўранглар. У жаннатдаги бир манзил бўлиб, Аллоҳнинг биргина бандасидан бошқасига лойиқ эмас. Ўша мен бўламан деб умид қиламан. Энди ким менинг учун васила сўраса, шафоат унга вожиб бўлибди», деганларини эшитдим.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Азонни эшитувчи муаззин қайси лафзни айтса, ўшани такрорлаб туриш лозимлиги.
2. Азондан кейин Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш лозимлиги. Қайси сийға билан бўлса ҳам бўлаверади. Фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом маъноси бўлиши зарур.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир саловот айтса, Аллоҳ унга, албатта, ўн саловот айтиши. Аллоҳнинг бандага саловот айтиши раҳмат юборишидир.
4. Азондан ва саловотдан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга василани сўраш кераклиги. Уни қандоқ қилиб сўраш кейинги ривоятда келади.
5. «Васила» жаннатдаги бир манзила—мақом эканлиги.
6. Аллоҳ томонидан «Васила»ни фақат бир бандага берилиши.
7. «Васила»га эришувчи энг яқин зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлари.
8. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Васила»ни сўраса, у зотнинг шафоатларига мушарраф бўлиши.
Демак, азонни эшитганимизда муаззин нима деса, шуни қайтариб туришимиз лозим. «Ҳаййа алас-Салот» ва «ҳаййа алал Фалаҳ»да «Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳи», деб айтилади.
Азон тамом бўлганидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоғимиз керак. ҳамда Аллоҳ таолодан У зотга «Васила»ни сўрашимиз лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу у зотнинг энг яқин кишиларидан бирига айландилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир зум ҳам ажрамасдан, доимо хизматларига шай турар эдилар. Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу аввало, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидларини бино қилишда фаол қатнашдилар. Масжид қурилиб битгач эса, унда жамоат бўлиб намоз ўқиш бошланди.
Ана шунда мусулмонлар масжидда тўпланиб, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлгач эса, намоз ўқир эдилар. Шу тариқа аста-секин масжидда жамоат намозини ўқиш учун одамларни чақириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шунда баъзи кишилар насороларга ўхшаб, занг чалишни, бошқалари яҳудийларга ўхшаб, дуд чалишни таклиф қилдилар. Бу таклифлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хуш келмади.
Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримийлар келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳум қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:
«Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?» дедим.
У: «Бу билан нима қиласан?» деди.
Мен: «У билан намозга чақирамиз», дедим.
У: «Сенга бундан яхшироқ нарсани айтиб берайми?» деди.
Мен: «Ҳа», дедим.
У: «Аллоҳу акбар», дейсан, деб охиригача айтиб берди. Шунингдек, иқомани ҳам айтиб берди. Тонг отиши билан Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим.
У зот: «Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур. У азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.
Мен Билол билан туриб, айтиб турдим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб, югуриб чиқди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедилар».
Шундай қилиб, кечаги қора танли қул Исломнинг шарофати билан бугун илоҳий мадҳиядек жаранглагувчи азонни биринчи марта айтиш шарафига муяссар бўлган саодатманд инсонга айланди.
Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан ана шу саодатли инсон баланд жойга чиқиб, азон айта бошлади:
«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар
Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ,
Ҳайя алас Солаҳ, Ҳайя алас Солаҳ,
Ҳайя алал Фалаҳ, Ҳайя алал Фалаҳ,
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Лаа илаҳа иллаллоҳ».
Ушбу азон калималарининг маънолари қуйидагичадир:
«Аллоҳу акбар»
«Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ ҳар нарсадан буюкдир. У Зот ўзига нисбат берилган номуносиб нарсалардан улуғдир».
«Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ»
«Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ, деб гувоҳлик бераман».
«Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ»
«Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бераман».
«Ҳайя алас Солаҳ»
Намозга келинглар – шошилинглар.
«Ҳайя алал Фалаҳ»
«Ютуқ – нажотга келинглар – шошилинглар».
«Аллоҳу акбар»
«Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ ҳар нарсадан буюкдир. У Зот ўзига нисбат берилган номуносиб нарсалардан улуғдир».
«Лаа илаҳа иллаллоҳ»
«Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқдир».
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг инсоният тарихидаги биринчи азонлари билан тарихда биринчи марта Ислом жамияти қоим бўлганлигини бутун дунёга эълон қилар эдилар.
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг инсоният тарихидаги ўша биринчи азонлари билан тарихда биринчи марта илоҳий дастур асосида ҳаёт кечирувчи жамоа пайдо бўлганлигини дунёга эълон қилар эдилар.
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг инсоният тарихидаги ўша биринчи азонлари билан тарихда биринчи марта жамоат бўлиб намоз ўқишни йўлга қўйган жамият пайдо бўлганлигини бутун дунёга эълон қилар эдилар.
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг инсоният тарихидаги ўша биринчи азонлари билан тарихда биринчи марта илоҳий адолатдан баҳраманд бўлиб яшайдиган жамият пайдо бўлганлигини бутун дунёга эълон қилар эдилар.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари атрофидаги энг баланд уй бўлган Бани Нажжор қабиласидаги бир аёлнинг уйи тепасига чиқиб, азон айтар эдилар.
Имом Абу Довуд Бани Нажжорлик ана шу аёл розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менинг уйим масжид атрофидаги энг баланд уй эди. Билол бомдоднинг азонини унинг устига чиқиб, айтар эди».
Азон айтиш ўта муҳим иш бўлганлигидан, барча мусулмонларнинг ибодатларига, намозу рўзаларига бевосита алоқадор бўлганлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга бу ишни қандоқ адо этиш лозимлигини алоҳида эҳтимом ила таълим берар эдилар.
Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида, таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои хожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», деганлар».
Бу иш ўта масъулиятли бўлганлигидан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга ёрдамчи ҳам тайин қилиб, ўз масжидларида икки муаззин бўлишини жорий қилган эдилар.
Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита муаззинлари бор эди: Билол ва аъмо Ибн Мактум».
Бу икки муаззин намоз вақтларини аниқлаб, кишиларни намозга чорлаш билан бирга, мусулмонларнинг рўзаларининг вақти тўғри бўлишига ҳам масъул эдилар.
Ҳадис илмининг имомлари бу ҳақда қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Билол кечасида азон айтади. Ибн Умму Мактум азон айтгунча еб-ичаверинглар», дедилар».
Бухорий:
«У кўзи ожиз киши бўлиб, қачон унга «субҳ бўлди, субҳ бўлди», дейилсагина азон айтар эди», деган жумлани зиёда қилган.
Рамазон кечалари ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу кечаси одамларни уйғотиш учун азон айтар эдилар. Ушбу азондан кейин саҳарликни давом эттириш мумкин эди.
Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу эса, бомдод намози учун тонг отганда азон айтар эдилар. Албатта, бу вақтда саҳарлик қилишни тўхтатиш керак эди.
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу Рамазонда фақат саҳарлик ёки ифторлик вақтини аниқлашдагина эмас, балки Рамазон ойининг кирганини Ислом умматига эълон қилишда ҳам сидқидилдан хизмат қилар эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен ҳилолни кўрдим», деди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Муҳаммадар Расулуллоҳ, деб шаҳодат берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Эй Билол, одамларга эълон қил, рўза тутсинлар», дедилар».
(Сунан эгалари, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилганлар).
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нафақат у зотнинг масжидларида, балки барча сафарларида ҳам муаззинлик қилар эдилар.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довудлар Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Билолнинг айланиб юриб, азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ошланган теридан қилинган капада эдилар. Бас, Билол у зотнинг олдиларига асони кўтариб чиқиб, яланглик жойга санчди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб, намоз ўқидилар. Олдиларидан ит, эшак ўтиб турар эди. У зотнинг устларида қизил кийим бор эди. Мен у зотнинг икки болдирларини кўриб турар эдим».
Бошқа бир ривоятда:
«Ҳайя алас Солаҳ, Ҳайя алал Фалаҳ»га етганида бўйнини ўнгга, чапга бурди, айланмади», дейилган.
«Билолнинг айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим» дегани, «бир жойдан иккинчи жойга кўчиб» деганидир. Чунки азон қиблага қараб айтилади, орқага айланиб бўлмайди.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар жангидан қайтганларида кечаси билан юрдилар. У зотни мудроқ босганида, кечанинг охирида дам олишга қарор қилдилар ва Билолга: «Бизнинг кечасиги қоровулимиз бўл», дедилар.
Билол қудрати етганича намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари уйқуга кетдилар. Тонг яқин қолганда Билол юкларига суянган ҳолда кўзи кетиб, ухлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Билол ҳам, саҳобалардан бирортаси ҳам қуёш уларни урмагунича уйғонмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб, чўчиб уйғондилар ва
«Ҳой Билол!!!» дедилар. Билол:
«Сизнинг нафсингизни олган менинг нафсимни ҳам олди», деди. У зот:
«Туриб, жўнанглар!» дедилар.
Бас, туриб, кўчларини бир оз юргиздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва Билолга амр қилдилар. У такбир айтди. Бас, уларга бомдод намозини ўқиб бердилар. Намозни ўқиб бўлиб:
«Ким намозни эсидан чиқарса, эслаган чоғида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деган», дедилар».
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг муаззинлик вазифаларини шараф билан адо этар эдилар. У киши бу масъулиятли вазифани ортиғи билан уддалар эдилар, десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.
1053 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا سَمِعْتُمُ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ، ثُمَّ صَلُّوا عَلَيَّ، فَإِنَّهُ مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلَاةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ بِهَا عَشْراً، ثُمَّ سَلُوا اللهَ لِي الْوَسِيلَةَ، فَإِنَّهَا مَنْزِلَةٌ فِي الجَنَّةِ لَا تَنْبَغِي إِلَّا لِعَبْدٍ مِنْ عِبَادِ اللهِ، وَأَرْجُو أَنْ أَكُونَ أَنَا هُوَ، فَمَنْ سَأَلَ لِيَ الْوَسِيلَةَ حَلَّتْ لَهُ الشَّفَاعَةُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [384].