1055. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитганида: «Аллоҳумма! Робба ҳазиҳид-даъватит-таамма, вассолатил қоима, ати Муҳаммаданил-васийлата вал-фазила. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллази ваъадта», деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ушбу азон дуосининг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим, эй ушбу тугал азоннинг ва тўкис намознинг Робби! Муҳаммадга васила* ва фазилат* бергин ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган «Мақоми маҳмуд»да* тирилтиргин».
* Васила – жаннатдаги ягона мақом бўлиб, унга инсониятдан фақат бир киши эришади. Ўша мақомни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун сўраш умматларнинг бурчидир. Зеро, васила башарият саййидига берилмаса, кимга ҳам бериларди.
* Фазилат – бошқалардан афзал бўлиш. Баъзилар ушбу дуодаги «фазила» сўзини жаннатдаги бир мақом ҳам дейишган.
* «Мақоми маҳмуд» – «мақталган мақом» Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса» деган ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган буюк шафоат мақомидир.
Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик десак, азондан кейин бу дуони ўқиб юришимиз керак.
1055 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ النِّدَاءَ: اللَّهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ، وَالصَّلَاةِ الْقَائِمَةِ؛ آتِ مُحَمَّداً الْوَسِيلَةَ، وَالْفَضِيِلَةَ، وَابْعثْهُ مَقَاماً مَحْمُوداً الَّذِي وَعَدْتَهُ حَلَّتْ لَهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [614].