1056. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким муаззиннинг азонини эшитганда: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росуулуҳу. Розийту биллааҳи Роббан ва би Муҳаммадин росуулан ва бил ислаами дийнан»* деб айтса, гуноҳлари кечирилади».
* Маъноси: «Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқлигига гувоҳлик бераман. Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Расул деб, Исломни дин деб рози бўлдим».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ким азондан кейин ушбу дуони ўқиса, гуноҳи мағфират этилиши ваъда қилинмоқда.
Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан эса, муаззин нима деса, шуни қайтариб туриш, фақат икки «ҳаййа ала»ларни айтганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи» дейиш таълим берилмоқда. Ким бу нарсаларни чин қалбдан айтса, жаннатга кириши ваъда қилинмоқда.
Инсоф қилиб айтганда бу жуда ҳам осон ишлар. Савоб ишлаш, гуноҳни ювиш ва жаннатга кириш эҳтимолини ошириш учун ғанимат нарсалар. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида буларга эътибор бермаймиз. Уларга амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз, ҳатто, бу нарсаларни лозим даражада билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилишга ўтайлик.
1056 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ الْمُؤَذِّنَ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، رَضِيْتُ بِاللهِ رَبّاً، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا، وَبِالإِسْلَامِ دِيْناً، غُفِرَ لَهُ ذَنْبُهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [386].