1058. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:
«Айтинглар-чи, бирортангизнинг эшиги олдида бир анҳор бўлса-ю, унда ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, бирор кири қоладими?» дедилар. «Унинг киридан ҳеч нарса қолдирмайди», дейишди. «Мана шу беш вақт намоз кабидир. Аллоҳ улар билан хатоларни ўчиради», деб айтганларини эшитдим».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиси шарифдан намознинг фазилати ва гуноҳларнинг ювилиши бобида тутган ўрни яққол аён бўлмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу маънони яхшироқ тушунтириш учун мисол келтирлар.
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турсаю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш маҳал ювиниб турса, кир қолмаганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ ҳам қолмайди.
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳларидан бир қисми тўкилмай, баданида кир қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроқ қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса, анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча милён марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шаръий масалаларни тушунтириш учун шундай ёрқин мисоллар келтириш яхшилиги.
2. Намознинг ўта фазилатли эканлиги.
3. Намоз туфайли банданинг гуноҳлари ювилиши.
1058 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهْراً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ؟» قَالُوا: لَا يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ؛ قَالَ: «فَذَلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ، يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 528، م 667].