1063. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким икки салқин (бомдод ва аср) намозларини адо этса, жаннатга киради», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 138-рақамли ҳадис остида келтирилган.
«Икки салқин намоз»лари ҳам ҳам бомдод ва аср намоздир. Баъзи уламолар, уни бомдод ва хуфтон, деб атадилар ҳам. Лекин бу ҳадисларда бомдод ва аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг боиси бор. Аввало, бу икки намоз ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар алмашинадиган вақтда ўқилади. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло: бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди.
Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда ўқилади. Ким бу икки намозни ширин уйқуси ва маишатидан кечиб ўз вақтида адо этса, жаннатга киради.
1063 - عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَلَّى البَرْدَيْنِ دَخَلَ الجَنَّةَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 574، م 635 وسبق برقم 138].
«البَرْدَانِ»: الصُّبْحُ وَالعَصْرُ.