1065-ҳадис

1065. Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдодни ўқиса, у Аллоҳнинг кафолатидадир. Эй одам боласи, қарагин! Аллоҳ сени Ўз кафолатига оид бирор нарса юзасидан талаб қилмасин», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг шарҳи 239-399-рақамли ҳадислар остида келтирилган.

Бошқа ривоятда қуйидагича келтирилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдодни ўқиса, у Аллоҳнинг кафолатидадир. Аллоҳ сизларни Ўз кафолатига оид бирор нарса юзасидан талаб қилмасин, акс ҳолда уни (кафолатга тажовуз қилганни) тутиб, жаҳаннам оловига юзтубан ташлайди», дедилар». (Имом Муслим ривояти)

Барча фарз намозлар қатъий талаб қилинган бўлса­да, бу ҳадисда бомдод намози янада алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда. Бошқа ривоятларда бу ерда бомдодни жамоат билан адо этиш назарда тутилгани айтилган. Ким шундай қилса, у Аллоҳнинг кафолатида, омонлигида бўлади. 

Инсон ҳар доим масжидда бўлмаслиги мумкин. Ёки бир ерда ёлғиз бўлиши мумкин. Бомдод намозининг мусулмонлар учун аҳамияти катта. Чунки куннинг энг барокатли вақти ризқлар тарқатилган вақт деб изоҳланган саҳар чоғи ибодатларнинг, дуоларнинг қабул бўладиган, ризқ излаб бутун махлуқотнинг ер юзига тарқалган  вақт бўлиш билан бирга инсон саломатлиги учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Шунингдек, бомдод вақти кофирлар ва мунофиқларнинг уйқу соати деб билинганлиги учун уларга ўхшамаслик учун ҳам уйғоқ бўлиш тавсия қилинган. Ислом қўшинларининг душманга бўлган зафарлари кўпинча саҳар вақтларида қўлга киритилганлиги тасодиф эмас, балки буюк ироданинг натижасидир.

Юқорида изоҳлангани каби Аллоҳнинг зимматида бўлишлик дунёда ва охиратда унинг ҳимояси остида бўлиш, кафолати ва таъминоти  остида бўлиш деган маънони беради. Инсон Аллоҳга берган ваъдасини бажармаса, кучи ва имконияти бўлган ҳолда яхши ишлар қилмаса, у кимсадан бунинг ҳисоби сўралади. Аллоҳнинг бир кимсани ҳузурига чорлаши уни ҳисобга чақирганини билдиради. Қул эканлигимизни унутмаслик бу ҳисобга тортилишга тайёр бўлишимиздир. Расули Акрам жанобимизнинг ҳам биздан кутгани айнан шу.

1065 - وَعَنْ جُنْدُبِ بْنِ سُفْيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى الصُّبْحَ فَهُوَ فِي ذِمَّةِ اللهِ، فَانْظُرْ يَا ابْنَ آدَمَ؛ لَا يَطْلُبَنَّكَ اللهُ مِنْ ذِمَّتِهِ بِشَيْءٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [657 وسبق برقم 399].


Улашиш
|
|
Нусха олиш