1066-ҳадис

1066. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа фаришталар кузатиб туради. Улар бомдод намозида ва аср намозида тўпланишади. Сўнгра сизлар билан тунаганлари кўтарилади. У Зот Ўзи яхши билса ҳам, улардан: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. «Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик, борганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади».

Муттафақун алайҳ. 

Шарҳ: Ҳадиси шарифда зикри келаётган фаришталар бандаларни муҳофаза қилиш учун ер юзига навбат билан тушиб туришади. Кундузи муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Кечаси муҳофаза қилиш учун алоҳида фаришталар бор. Улар бомдод ва аср намозлари вақтида алмашадилар. 

Бомдод намози вақтида кечасининг фаришталари кўтарилиб, кундузининг фаришталари муҳофаза учун тушадилар. Ана шу вақтда икки тоифа фаришталар жамланиб, бир-бирлари билан кўришадилар. 

Аср намозида эса кундузи муҳофаза қилган фаришталар кўтарилиб, кечаси муҳофаза қиладиган фаришталар тушадилар. Бу пайтда ҳам икки тоифа фаришталар бир-бирлари билан учрашадилар.

Бандаларнинг ичида юрган фаришталар кўтарилганларида Аллоҳ таоло Ўзи билиб турса ҳам фаришталардан: 

«Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўраши намозхон инсоннинг шаънини олий мақомга кўтаришдир. Аллоҳнинг ҳузурига, Аллоҳга муқарраб бўлган фаришталар тўпига кўтаришдир. Бу эса намознинг ўта улкан ва фазилатли ибодат эканидандир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Намоз энг олий мақом ибодат эканлиги. 

Чунки Аллоҳ билан фаришталар орасидаги савол-жавобда намозгина зикр этилмоқда.

2. Бомдод ва аср намозларининг бошқа намозлардан устун туриши.

3. Бомдод ва аср намозлари вақти афзал ва баракали вақтлар эканлиги. 

Чунки худди шу вақтларда фаришталар жамланади. Асарларда келтирилишича, ризқ бомдод намозидан кейин тақсимланади. Кундалик амаллар эса аср намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун ҳам бу вақтни тоат-ибодатда ўтказса, ризқи ва амали баракали бўлади.

4. Малоикаларнинг мусулмонлар ичига тушиб туришларидан Ислом уммати бошқа умматлардан кўра шарафли экани келиб чиқади.

5. Аллоҳ таолонинг фаришталар билан гаплашиши.

Қаранг, намоз ўқиган одам ҳар куни икки марта Аллоҳ билан фаришталар ўртасидаги суҳбатда зикр қилинар экан. Бу қандай улуғ шараф! Кишилар бирорта амалдор у ҳақида танишидан: «фалончи тинч юрибдими?» деб сўраб қўйса, умрбод мақтаниб юрадилар. Намозхонни эса Аллоҳ таоло ҳар куни фаришталардан икки марта: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрар экан. Фаришталар эса намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик, деб жавоб берардилар. Намоз ўқимаганлар эса бу бахтдан бебаҳрадирлар.

Шунинг учун ҳам намозни канда қилмайлик. ҳар куни Аллоҳ таоло томонидан икки маҳал ҳол-аҳволи сўраладиган бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилайлик.

1066- وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَتَعَاقَبُونَ فِيْكُمْ مَلَائِكَةٌ بِاللَّيْلِ، وَمَلَائِكَةٌ بِالنَّهَارِ، وَيَجْتَمِعُونَ فِي صَلَاةِ الفَجْرِ وَصَلَاةِ العَصْرِ، ثُمَّ يَعْرُجُ الَّذِينَ بَاتُوا فِيْكُمْ، فَيَسْأَلُهُمُ اللهُ - وَهُوَ أَعْلَمُ بِهِمْ -: كَيْفَ تَرَكْتُمْ عِبَادِي؟ فَيَقُولُونَ: تَرَكْنَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ، وَأَتَينَاهُمْ وَهُمْ يُصَلُّونَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 555، م 632].


Улашиш
|
|
Нусха олиш