1067-ҳадис

1067. Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот ой тўлгандаги кечада ойга қараб туриб: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрасиз. У Зотни кўришда бир-бирингизга қийинчилик туғдирмассиз. Агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намозни бой бериб қўймасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг», дедилар.

Бошқа ривоятда: “Ўн тўрт кунлик кечада ойга қарадилар”, бўлиб келган. 

Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоз бомдод намози, қуёш ботишидан олдингиси эса аср намозидир.

Ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 

1. Охиратда намозхон бандалар Аллоҳ таолонинг жамолини, худди тўлин ойни кўргандек қийналмасдан кўришлари ҳақ экани.

2. Бомдод ва аср намозларининг ўта аҳамиятли экани.

3. Бомдод ва аср намозларига алоҳида эътибор билан қараш лозимлиги. Чунки уйқу ва бошқа нарсалар бу икки намозни ўз вақтида адо этишга монеълик қилиб қолиши мумкин.

4. Айтилган гапга Қуръондан далил келтириш яхшилиги.

Ушбу ҳадиси шарифга қаттиқ амал қилган ҳолда бомдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун тинмай интилаётганлар сафидан жой олган бўламиз.

1067 - وَعَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ البَجَليِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَنَظَرَ إِلَى القَمَرِ لَيْلَةَ البَدْرِ فَقَالَ: «إِنَّكُمْ سَتَرَوْنَ رَبَّكُمْ كَمَا تَرَوْنَ هَذَا القَمَرَ، لَا تُضَامُّونَ فِي رُؤْيَتِهِ، فَإِنِ اسْتَطَعْتُمْ أَلَّا تُغْلَبُوا عَلَى صَلَاةٍ قَبْلَ طُلُوعِ الشَّمْسِ وَقَبْلَ غُرُوبِهَا فَافْعَلُوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 554، م 633].

وَفِي رِوَايَةٍ: «فَنَظَرَ إِلَى القَمَرِ لَيْلَةَ أَرْبَعَ عَشْرَةَ» [خ 4851].


Улашиш
|
|
Нусха олиш