1070-ҳадис

1070. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким уйида покланиб, кейин Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун Аллоҳнинг уйларидан бирига юриб борса, икки қадамининг бири бир хатони ўчирса, кейингиси бир даража кўтаради».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда яхши ният билан масжид томон босилган ҳар бир қадам беҳуда кетмаслиги ажойиб услубда васф қилинмоқда. 

Эҳтимол, масжидга жамоат намозига қатнайдиган ҳар бир киши ҳам ўзининг қилаётган амали нақадар улканлигини тасаввур эта олмас. Агар ҳақиқатда тасаввур эта олмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари ила яхшилаб танишиб олсин. Ундоқ одам масжидга жамоат намози ўқиш учун бориш ниятида таҳорат қилиб биринчи қадамни босиши билан бир гуноҳи ювилади, иккинчи қадамни босиши билан даражаси бир поғона кўтарилади. Масжидга етиб боргунича ҳар қадамда шундоқ бўлиб бораверади. Таҳорати ва намоз учун бериладиган савоблар, кечириладиган гуноҳлар алоҳида бўлади. Шунингдек, даражалар масаласи ҳам ўзига яраша бўлади.

Демак, фарз намозларни доимо масжидда, жамоат ила адо қилишга уринишимиз, иложи борича масжид томон босадиган қадамларимизни кўпайтиришимиз лозим.

1070 – وَعَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ تَطَهَّرَ فِي بَيْتِهِ، ثُمَّ مَضَى إِلَى بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللهِ؛ لِيَقْضِيَ فَرِيضَةً مِنْ فَرَائِضِ اللهِ كَانَتْ خُطُوَاتُهُ: إِحْدَاهُمَا تَحُطُّ خَطِيئَةً، وَالأُخْرَى تَرْفَعُ دَرَجَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [666].


Улашиш
|
|
Нусха олиш