1076. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Масжидга боришга одатланган кишини кўрсангизлар, унинг иймонли эканига гувоҳлик беринглар». Чунки Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларгина обод қилурлар....», (Тавба сураси, 18оят) деб айтган.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Жамоат намози – савоби улуғ ибодат.
Жамоат намозининг савобини билганингизда эди… Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдод ва хуфтон намозларидаги (жамоатга) ҳозир бўлишни лозим топ. Агар шу икки (намоз)нинг (жамоат билан ўқишдаги) савобини билганларингизда эди, эмаклаб бўлса ҳам келардингиз”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Жамоат намози – гуноҳларга каффорот бўлади. Абу Убайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жума куни бомдод намозининг жамоатда ўқилганидан кўра афзал намоз йўқдир. Ким унда иштирок этса, гуноҳлари мағфират қилинади, деб ҳисоблайман” (Имом Ҳоким ривояти).
Жамоат намози – кечани бедор ўтказганнинг савобига ноил этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бомдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Жамоат намози – мўминлик белгиси. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Қачон масжидга боришга одатланган кишини кўрсангизлар, унинг иймонли эканига гувоҳлик беринглар. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар” (Тавба сураси, 18оят) (Имом Термизий ривояти).
Жамоат намози – Қиёматда нур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғуда масжидлар сари юрганларга Қиёмат кунидаги тугал нур хушхабарини беринг!” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ибодатида собитқадам қилсин. Беш вақт намозни Ўзининг уйларидан бир уй бўлмиш – масжидда холис Ўзининг розилиги учун адо этишимизга тавфиқ ато этсин.
1076 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا رَأَيْتُمُ الرَّجُلَ يَعْتَادُ الْمَسَاجِدَ فَاشْهَدُوا لَهُ بِالإِيْمَانِ، قَالَ اللهُ عزَّ وَجَلَّ: {إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللهِ مَنْ آمَنَ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ} الآيَةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3093].