1077. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики, намоз тутиб турар экан, сизлардан бирингиз намоздадир. Унинг аҳлига қайтишдан намоздан бошқа нарса тўсмас экан, намозда бўлади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бир инсонни намоз учун масжидда қолиши, уйига бормасдан тоат ибодатда, Аллоҳнинг зикри билан машғул эканлигидандир. Бир намоз тугугач кейинги намозни кутиш жоиз ва савоблидир. Бу ҳолатда бўлган кимса худди тўхтовсиз намоз ўқиётгандек савоб олади. Фақат бу кимсанинг таҳоратли бўлиши шарт эканлигини бундан кейинги ҳадисда кўрамиз.
Ҳадисдан ўрганганларимиз:
1. Дунёвий бир мақсадсиз намоз вақтларидан ташқари кейинги намоз вақтини масжидда ўтириб кутиш савобли ва фазилатлидир.
2. Масжидда таҳорат билан ўтириб ибодат вақтини кутиш намозда ўтиргандек савоб қозонишга сабаб бўлади.
1077 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلَاةٍ مَا دَامَتِ الصَّلَاةُ تَحْبِسُهُ؛ لَا يَمْنَعُهُ أَنْ يَنْقَلِبَ إِلَى أَهْلِهِ إِلَّا الصَّلَاةُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 659، م 649/275 في المساجد، باب فضل صلاة الجماعة وانتظار الصلاة].