1078. У кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики бирортангиз намоз ўқиган намозгоҳида экан, таҳорати синмагунча фаришталар унга: «Аллоҳим! Уни мағфират қил. Аллоҳим! Унга раҳм қил», деб салавот айтиб туришади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда намозгоҳда, яъни масжидда ҳеч нарса қилмай, фақат таҳорат билан ўтириб ҳам улуғ мақомга эришиш мумкинлиги ҳақида айтилмоқда.
Энди ўшандоқ ҳолда намоз ўқилса, зикр қилинса ёки тиловати Қуръон бўлса, илм мажлиси ўтказилса, қанчалар савоб, қанчалар улуғ мартаба ва даражаларга эришиш мумкинлигини билиб олаверинг!
Демак, масжидда кўпроқ бўлишга ҳаракат қилайлик. Ўзимиз фаришталар салавотига сазовор бўлиш пайидан бўлаверайлик. Фаришталар биз учун Аллоҳга ёлбориб:
«Аллоҳим! Уни мағфират қил. Аллоҳим! Унга раҳм қил», деб турса, қандай яхши! Ҳар биримиз шунга мушарраф бўлайлик.
1078 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمَلَائِكَةُ تُصَلِّي عَلَى أَحَدِكُمْ مَا دَامَ فِي مُصَلَّاهُ الَّذِي صَلَّى فِيْهِ مَا لَمْ يُحْدِثْ؛ تَقُولُ: اللَّهُمَّ؛ اغْفِرْ لَهُ، اللَّهُمَّ؛ ارْحَمْهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [445].