1080. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир», деб айтдилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Демак, жамоат намозининг фазли гоҳида йигирма беш, гоҳида йигирма етти даража устун бўлар экан. Бундай фарқ масжиднинг узоқлиги, намозхоннинг ихлоси ёки имомнинг тақвосига боғлиқ бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам жамоат билан намоз ўқишниг фазли беқиёс катта.
Ҳадислардан билдик, жамоат билан ўқилган намоз якка ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир. Бошқа ҳадисда йигирма беш бараварга ишора қилиняпти. Уламолар наздида, бундай фарқнинг бир неча сабаблари бор. Улар ҳадислар шарҳида зикр қилинган. Бу фарқлар кишиларнинг турли ҳолати билан боғлиқ. Ихлосига қараб, йигирма етти даража ёзиладиган одамлар бор. Ва улардан йигирма беш даража ёзиладигани бор. Баъзиларнинг фикрича, бу намоздаги хилма-хилликка биноандир. Масалан, махфий намозларда йигирма беш даража бўлса, жаҳрий намозларда йигирма етти даражадир. Баъзилар эса, бомдод ва хуфтон намозларига йигирма етти даража, дейди. Одатда, бу икки намоз кишиларга машаққатлидир. Аммо қолган намозларга йигирма беш даража берилади.
Баъзи олимлар бунинг сабаби умматга хос илоҳий раҳмат бўлиб, бу уммат доимо яхшидан яхшироққа кўтарилади. Бас, шундай экан, йигирма бешдан йигирма етти даражага тараққий этиб юксалаверади, дейишади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора қилган нарсаларга фикрни йўналтириш лозим. Жамоат билан ўқилган намозда қай даражада катта савобларга эришиш мумкинлиги очиқ-равшандир. Қаранг, уйида таҳорат қилиб, сўнгра масжидга чиқса, ҳар бир қадами учун савоб ёзилиб, ёмонликлари ўчирилади.
1080 - عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «صَلَاةُ الجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ الفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ درَجَةً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 645، م 650].