1083-ҳадис

1083. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум куняси ила таниқли муаззин Абдуллоҳ ёки Амр ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мадинада зарарли ҳашаротлар ва йиртқичлар кўп», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаййа ъалас солат, ҳаййа ъалал фалаҳ» яъни «Намозга келинглар, нажотга келинглар»ни эшитасанми? Унда келгин», дедилар».

Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилдилар. 

Шарҳ: Бу ривоятни бундан олдинги ҳадис билан бирга қараш янада тўғрироқдир. Чунки Ибн Умму Мактум Пайғамбаримизга Мадинанинг илон ва чаён каби зарарли ҳашоратларидан ҳамда бўри ва ит каби йиртқичлардан сўз очиши, унинг ўзини ўзи ҳимоя қила олмагани сабаб уйда намоз ўқиш учун изн сўрамоқчи эди. Пайғамбаримиз азонни эшитган кимсанинг бу даъватни ижобат қилиши ва масжидга келиши кераклигини айтиб, унинг ёлғиз ўзи ёки жамоат бўлиб уйда намоз ўқишига рухсат бермаганлар. Ҳатто бир ривоятга кўра Ибн Умму Мактум: «Мен кўзи ожиз, уйи узоқ, ёрдамчиси  бўлмаган инсонман. Мен учун уйимда намоз ўқишимнинг зарари йўқми?» деб сўраганларида Пайғамбаримиз: «Сен учун ҳеч қандай рухсат топа олмадим» деганлар ва рухсат бермаганлар. (Aбу Давуд ривояти).

Бу ривоятларни изоҳлаган олимлар, ҳеч қандай баҳона қабул қилинмаслигини, Мадинада илк ҳолатлар шундай эканлигини, кейинчалик айби бор инсонларнинг узри қабул қилинганлигини айтадилар. Эҳтимол илк вақтларда бу каби узр қабул қилинганида эди, мунофиқлар фурсатдан фойдаланиб, жамоатни тарк қилишар эди. Бу эса уйларнинг масжид ҳолига келишига сабаб бўлар эди. Юқорида ишора қилингандек, баъзи олимлар ва мазҳаб имомлари бу тур ҳадисларнинг машҳурлиги сабаб жамоатга келишнинг фарз, вожиб, суннати муаккада эканлиги хақида изоҳлар билдиришган. Фақат фуқаҳолар жамоатга боришга тўсиқ бўлган машруъ сабаблар бор эканлигини билдириб, қуйидагича очиқлашган. Ортиқча совуқ, қоп-қоронғулик, ортиқча ёмғир, душман таҳликаси, йиртқич ҳайвон қўрқуви, масжидга бора олмайдиган даражада касал бўлишлик, юриш учун ёрдамга муҳтож, ёрдамчиси бўлмаган кимса.  

1083 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ - وَقِيلَ: عَمْرِو بْنِ قَيْسٍ - الْمَعْرُوفِ بِابْنِ أُمِّ مَكْتُومِ الْمُؤَذِّنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ الله؛ إِنَّ الْمَدِينَةَ كَثيرَةُ الهَوَامِّ وَالسِّبَاعِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «تَسْمَعُ حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ، حَيَّ عَلَى الفَلاَحِ، فَحَيَّ هَلًا» رَوَاهُ أَبُو دَاوُودَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [553].

وَمَعْنَى: «حَيَّ هَلًا»: تَعَالَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш