1086-ҳадис

1086. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қишлоқдами, саҳродами уч киши бўлса-ю, улар орасида жамоат намози қоим қилинмаса, шайтон уларга эга чиқади. Жамоатни маҳкам тутгин, бўлинганни бўри ейди», деганларини эшитдим.

Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилдилар.

Шарҳ: Демак, қаерда учта ва ундан кўп мусулмон одам тўпланса, ўша ерда жамоат намози ўқилиши керак. Балки икки киши бўлса ҳам жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Жамоат намози ўқимаганларга шайтон эга чиқиб, уларни ўз қулларига айлантириб олади. Жамоат намозига қўшилмаган одам мусулмонларнинг жамоатидан айрилади. Жамоатдан айрилиш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Қўйнинг қўрадан ажрагани бўрига ем бўлади, одамнинг жамоатдан ажрагани эса, шайтонга қул бўлади. 

Бу ҳикмат доимо юзага чиқиб келган. Мусулмонлар ичида обрў-эътибор жамоат намозига қатнашишига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хонасалот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрў-эътиборсиз кишилар ҳисобланганлар.

Мусулмонлар қаерда бўлмасинлар, икки-уч киши бўлсалар ҳам, ҳамиша жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар. Ўзлари қандай ҳолатда яшамасинлар, биринчи галда жамоат намози ўқиш учун масжид қуришни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билганлар.

Гана давлатида ўрмонлардаги эски ҳолда яшаб келаётган қабилалар билан учрашилганида, ўша васанийлар бир кичик хоначани кўрсатишди. Ундаги пўстак ва тасбеҳ, бу жойнинг масжид эканлигидан дарак берар эди. Ерлик аҳоли бу ерда бир неча мусулмон яшагани, кейин кўчиб кетганлари ҳақида сўзладилар. Ўша кичик масжид бепоён ўрмондаги энг кўркам бино эди. Ўша икки-уч мусулмон ўзлари яшайдиган уй қурмаган бўлсалар ҳам, намоз ўқийдиган масжид қурган эдилар.

Мисрнинг бепоён чўллари. Катта тезликда бораётган автомашина ойнасидан аҳён-аҳёнда тўкилиб тушган кичик уйларнинг харобалари кўринади. Уларнинг ўртасида эса, бутун, аммо кичик масжид кўринади. Саҳровий мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, уч-тўрт киши бўлсалар ҳам жамоат намози ўқиш учун масжид қурган эканлар.

Аксинча, бошқа жойларда шаҳар-қишлоқлар оралаб бир неча кун юрсанг ҳам бир дона масжид топа олмайсан. Шайтон ана ўшандоқ юртлар одамларига эга чиқмай, кимга эга чиқсин! Ўшаларни залолатга кетказмай, кимни кетказсин!

1086 - وَعَنْ أَبي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَا مِنْ ثَلَاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلَا بَدْوٍ لَا تُقَامُ فِيْهِمُ الصَّلَاةُ إِلَّا قَدِ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ، فَعَلَيكُمْ بِالجَمَاعَةِ؛ فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ مِنَ الغَنَمِ القَاصِيَةَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [547].


Улашиш
|
|
Нусха олиш