1088-ҳадис
1088. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар одамлар хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан ўқишнинг савобини билишганида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам, келишарди», дедилар».

 Муттафақун алайҳ.

 Шарҳ: Бу васф ҳам мазкур икки намозни жамоат билан ўқиган кишиларга бериладиган савобнинг нақадар улканлигини кўрсатиб турибди.

Бошқа намозлар қаторида хуфтон ва бомдод намозларини ҳам қолдирмай ўқиб юрадиган кишилар қандай фазлни қўлга киритишларини биласизми?

Улар кечани тўлиқ бедор ўтказганнинг савобига эга бўладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким хуфтонни жамоат билан адо этса, кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бомдодни жамоат билан адо этса, кечанинг ҳаммасини бедор ўтказибди» деганлар. Имом Муслим ривоятлари.

Кечани бедор ўтказиш дегани туни билан ухламасдан ибодат қилиб чиқиш деганидир.

Жаннатга киришни истайсизми? Унда бомдод намозини жамоат билан адо этинг! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. 

Баъзи уламолар ушбу ҳадисда айтилаётган намозларни бомдод ва хуфтон десалар, баъзилари бомдод ва аср деганлар.

Тун қоронғусида масжид сари юриб борар экансиз, иншаа Аллоҳ, сизга қиёмат куни тўлиқ нур ато этилишини унутманг.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидларга зулматларда юриб борувчиларга қиёмат куни тўлиқ нур бўлишининг башоратини бер», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 

Масжидга кириб, бомдод намозини кутиб ўтирганингизда, фаришталар сиз учун Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўраб турадилар. Фақат бунинг ўзигина эмас. Бу пайтда ўқиладиган намозга ҳамма ҳам келмайди. Аллоҳ таоло ғафлат уйқусида ётган кишилар ичидан фақат сизни танлаб олиб, Ўз ҳузурида туришингизга муваффақ қилди. Унутманг, бомдодни ўқиган киши Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади.

Жундаб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонидадир. Эй одам боласи, қарагин! Аллоҳ сени ҳаргиз аҳдидан бирор нарсани зое қилган ҳолда топмасин», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Қолаверса, бомдод намозини жамоат билан ўқиган одамнинг ажри қуйидаги ҳадисда айтилган фазилатлар билан янада кўпаяди.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган. 

Имом Термизий ривоят қилган.

 Эндиям шайтоннинг васвасасига қулоқ соламизми?!

Шундан кейин ҳам қалбимиз, танамиз ва барча аъзоларимиз ғафлат уйқусида ухлаб ётадими?!

Шундай фазилатли вақтдаги улуғ савобли намозни ўқимай, қалбимиз ва танамиз уйқу, ғафлат асири бўлиб қолаверадими?!

Бугунги куннинг баъзи ёшларини кўриб, юрагим ёрилиб кетай дейди. Улар тунни телефонлари экранига термулганча, турли ижтимоий тармоқларда кезган ҳолда ўтказиб, энг фазилатли дамларда ғафлат уйқусида ётадилар. Муаззиннинг бомдодга айтаётган азонига, «Ҳаййа алас солаҳ» («Намозга келинглар!»), «Ҳаййа алал фалаҳ» («Нажотга келинглар!»), «Ассолату хойрум минан навм» («Намоз уйқудан яхшидир!») деган нидоларига қалблари сесканиб ҳам қўймайди. Қуёш уфқдан бош кўтариб бўлганда кўзлари уйқудан очилади, лекин қалблари ҳалиям ғафлат уйқусида ухлаётган бўлади.

Баъзи ёшлар туни билан бефойда нарсалар ўйнаб, вақт ўтказиб, бомдод вақти киришига бироз қолганда уйқуга кетадилар. Катта фожиалардан бири шуки, муаззин азон айтяпти, улар эса ухлашга ҳаракат қиладилар. Бундай ҳолни, умрлари шу тарзда ўтаётганини кўриб дод деб йиғлагим келади. Агар улар ўлимни эсга олганларида, тўсатдан ўлим келиб қолишини ўйлаганларида бундай қилмасдилар. Зеро, ўлим кишининг қаришини ёки касал бўлишини кутиб ўтирмайди. Кўпчилик уйқуга ётиш асносида «Эртага туриб, намозимни ўқиб оламан», «Эртадан бошлаб бомдоднинг суннатига ва бошқа намозларга эътиборли бўламан», «Эртага тавба қиламан», «Эртадан бошлаб шайтоннинг васвасасига қарши курашаман» каби гаплар билан ўзларини овутадилар. Эрта келганда, улар тирик ҳолда турадилар деб ким кафолат берди уларга?!

Ўрнингиздан туринг-да, таҳорат олиб, намоз ўқинг! Ҳозир тавба қилинг! Ҳозирдан шайтон васвасасига қарши курашишни бошланг! Ҳозирдан намозларга эътиборли бўлинг! Чунки эрта келмаслиги ёки эрта келганда, сиз тирик бўлмаслигингиз мумкин. Надомат қилиб қолишдан олдин қалбингизни уйғотинг!

Бомдоднинг суннати, фарзи ҳақида келган бу ҳадисларни ўқиганимиздан сўнг, барча фарзу суннат намозлар қаторида мазкур намозларга ҳам эътиборли бўлсак, уларни қолдирмай адо этиб борсак, Аллоҳ таолонинг фазли билан дунёда ва охиратда кўп яхшиликларга, баракотларга эришамиз.

1088 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِي العَتَمَةِ وَالصُّبْحِ لأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْواً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. وَقَدْ سَبَقَ بِطُوِلهِ [1049].

Улашиш
|
|
Нусха олиш