1089. Яна у кишидан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мунофиқларга бомдод ва хуфтон намозидан оғирроқ намоз йўқдир. Агар улар икковидаги савобни билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам, келишар эди», дедилар”.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Аслида Аллоҳ таолонинг розилиги сари югуришимиз керак эмасми?! Аслида Аллоҳ таолонинг байтлари бўлмиш масжидлар сари мусобақа қилишимиз керак эмасми?! Нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва ундан сўранг: «Мунофиқлик сенинг сифатларингдан бири бўлишига розимисан?»
Қандай қилиб мунофиқ бўлади дейсизми? Ҳайрон бўлманг, ким бомдодни тарr қилса, бу нифоқ белгисидир. Эътибор берсангиз, тонг пайти ҳаво жуда тоза, соф, енгил бўлади. Биласизми нега? Чунки, бу пайтда ҳавога турли чиқиндилар, газлар қаторида мунофиқларнинг нафаслари ҳам аралашмаган бўлади.
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқидилар ва «Фалончи намозга келдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар «Йўқ» дейишди. «Фалончи намозга келдими?» деб сўрадилар. Саҳобалар яна «Йўқ» дейишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта, бу икки намоз (хуфтон ва бомдод) мунофиқларга оғир намозлардандир. Агар улар у иккисида нималар борлигини (қандай савоблар борлигини) билганларида эди, уларга эмаклаб бўлса ҳам келардилар» дедилар. (Имом Насоий ривоятлари).
1089 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَيْسَ صَلَاةٌ أَثْقَلَ عَلَى الْمُنَافِقِينَ مِنْ صَلَاةِ الفَجْرِ وَالعِشَاءِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْواً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 657، م 651/252].