109. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўлган одамга уч нарсаси – аҳли, моли ва амали эргашади. Иккитаси – аҳли ва моли қайтиб келиб, битта амали (у билан бирга) қолади», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф бизни доимо ибодатга, яхши савобли амаллар қилишга чорлайди. Чунки инсон боласи билан қоладиган бирдан-бир нарса бу фоний дунёда қилган амали, тоат-ибодати ва солиҳ ишларидир.
Бошқа нарса фойда бера олмайди. Мол-дунё ва бола-чақа бу дунёда фойда бериши мумкин. Аммо охиратда фойда бера олмайди. Одам боласи вафот этганда унинг мол-дунёсидан ўзини кўмишга ишлатилади, болалари, аҳли тобутга солиб қабр томон кўтариб олиб боришади. Кўмиб орқага қайтишади. Аҳли ҳам у билан бирга қабрга кира олмайди, молу дунёси ҳам. Шунингдек, аҳли ҳам, моли ҳам ундан қабр азобини, охират азобини қайтара олмайди.
Маййитга фойда бериши мумкин бўлган бирдан-бир нарса унинг тириклигида қилган яхши амалидир. Аллоҳ таоло барчамизни яхши амали фойда берадиган бандалардан қилсин.
109 - العاشر: عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يَتْبَعُ الْمَيْتَ ثَلَاثٌ: أَهْلُهُ وَمَالُهُ وَعَمَلُهُ؛ فَيَرْجِعُ اثْنَانِ وَيَبْقَى وَاحِدٌ: يَرْجِعُ أَهْلُهُ وَمَالُهُ، وَيَبْقَى عَمَلُهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6514، م 773 ].