1091. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ислом беш нарса устига бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир», деб гувоҳлик бериш; намозни тўкис адо этиш; закотни бериш; Байтни ҳаж қилиш; Рамазон рўзасини тутиш».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни истиъора ишлатиб баён қилмоқдалар. Яъни, у зот Ислом динини бир бинога ўхшатмоқдалар. «Бино қилинди» деб бино қилувчини мажҳул қолдирмоқдалар. Чунки арабларда ишнинг бажарувчиси жуда аниқ-равшан бўлса, шундоқ услуб ишлатилади. Исломнинг бино қилувчиси Аллоҳ таоло бўлиб, бу маълум ва машҳур эканидан «Ислом бино қилинди» дейилмоқда. Лекин бу ҳадисда тўлиқ, мукаммал бино ҳақида эмас, бинонинг асосини ташкил қилувчи беш рукн ҳақида сўз кетмоқда. Шунинг учун ҳам:
«Ислом беш нарсага бино қилинди», дейилмоқда. Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турадиган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:
1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовар ягона Зотлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари экани ҳақида шаҳодат бериш.
2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.
3. Моли нисобга етса, закотини бериш.
4. Қодир бўлганда Байтуллоҳни ҳаж қилиш.
5. Рамазон ойи рўзасини тутиш.
Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлгани учун Ислом ўша беш нарсага бино қилинган дедик. Аммо бу дегани, Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор урсак, шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобеъ бўлади.
«Намоз» амалий, баданий-жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса, унга тобеъ бўлади.
«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга тобеъ бўлади.
«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий, жисмоний ибодатлар унга тобеъ бўлади.
«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобеъ бўлади.
Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал ҳолатга келади.
Хулласи калом, ушбу буюк ҳадиси шарифдаги асосий рукнлардан бошқа нарса Ислом биноси учун рукн бўла олмайди.
Ҳадиси шарифдан чиқадиган ҳикматлар:
Ўзида буюк маъноларни мужассам қилган ушбу ҳадиси шарифдан, унда зикр этилган рукнлардан келиб чиқадиган ҳикматлар ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган, кўплаб ваъз-насиҳатлар қилинган. Улар шунчалик кўпки, санаб адоғига етиш ҳам қийин.
Аллоҳ таоло ҳакимдир. У Зот беҳикмат иш қилмайди. Инсониятга Исломни қиёмат кунигача икки дунё саодат йўлини кўрсатувчи Ўзининг охирги дини қилиши ҳам бир олам ҳикматдир. Инсоният босиб ўтган йўл, қилиб кўрган тажрибалар Исломсиз мақсадга етиб бўлмаслигини кун сайин кўрсатмоқда.
Инсониятнинг якка илоҳий маъбудга эътиқод қилишга муҳтож эканини ҳам тажриба кўрсатди. Худосизлик нима экани, қандоқ балоларга гирифтор қилиши синаб-татиб кўрилди. Кўпхудолик ҳам фойда бермаслигини ҳамма тушуниб бормоқда. «Аллоҳнинг ўғли бор, Аллоҳ уч шахс, ота-ўғил ва муқаддас руҳларнинг қўшилишидир», деб даъво қилганлар ҳам ҳозирда ўзларининг ақийдалари нотўғри эканини тушуниб етмоқдалар.
«Муҳаммадур Расулуллоҳ» эса, ўзининг инсон ҳаёти учун нақадар зарурлигини аниқ аён этди. Инсоният учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўрнак бўларли зот, йўлбошчи қайтиб туғилмади. Бу ҳозирги кунда ҳар дамда, ҳар қадамда сезилиб турибди. Инсон ўзи ўрнак олиш учун ихтиёр қилган шахслари фойда бермаяпти. Хаёлда тўқиб олинган сохта ибратлар ҳам иш бермай қўйди. Бугунги кунда айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломга душман бўлган ғарб юртларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эҳтиёж кучайиб бормоқда.
Аввалроқ буюк инглиз ёзувчиси Бернард Шоу: «Агар Муҳаммад пайғамбар тирик бўлганида, бизнинг ҳаётий муаммоларимизни бир пиёла қаҳва ичиб ўтириб ҳал қилиб берар эди», деган бўлса, яқинда ғарблик мутахассислар кишилик тарихида инсониятга энг кўп фойда келтирган юз киши рўйхатини тузиб чиқиб, унда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи ўринга қўйдилар. Бу ерда гап моддий фойдалар ҳақида кетмоқда. Шундоқ экан, мусулмонман, деб юрганлар ўзларининг Пайғамбарлари билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди. У кишидан ҳар нарсада ўрнак олишлари, ҳар ишда у зотнинг суннатларига амал қилмоқлари зарур.
«Намоз» инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётини ҳамма соҳаларда тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқдалар. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини энди ким инкор қила олади.
«Поклик» сўзидан олинган «Закот» асосида қурилган иқтисодий алоқаларгина инсониятнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиши мумкинлигига ишончимиз комил.
«Ҳаж» «зиёрат» маъносини англатади. Уни адо этиш учун сафар қилиш лозим бўлади. Ҳажда дунёнинг турли бурчакларидан келган одамлар учрашиб, турли муаммоларини ҳал этишга уринадилар. Дунёда кундан-кунга саёҳат ширкатлари кўпайиб, турли халқаро учрашувлар сони ортиб бораётганининг ўзиёқ ҳажнинг инсоният ҳаётида қанчалик зарур нарса эканини кўрсатиб турибди. Мазкур саёҳат ширкатлари ва учрашувлар одамлар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун бир уриниш, холос. Уни инсоннинг ўзи ўйлаб топгани учун ҳам камчиликлардан холи эмас.
Исломий зиёрат ва учрашувларда эса ҳамма нарса ҳалоллик-поклик билан ҳалоллик-поклик йўлида бўлади.
Бугунги кунда «Рўза»нинг фойдасини рўза нималигини билмайдиган халқлардан сўраш керак. Улар асрлар давомида ўзлари учун руҳий, жисмоний соғлик манбаини излаб, сон-саноқсиз тажрибалар ўтказиб, бу нарса «ихтиёрий очлик»да эканини эндигина милодий йигирманчи асрнинг охирига келибгина тушуниб етдилар. Ислом эса, бу нарсани мусулмонларга бундан ўн беш аср муқаддам исботлаб қўйган ва ибодат сифатида буюрган эди.
1091 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «بُنِيَ الإِسَلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيْتَاءِ الزَّكَاةِ، وَحَجِّ البَيْتِ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 8، م 16].