1092. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бермагунларича ҳамда намозни тўкис адо этиб, закотни бермагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Шундай қилишса, қонлари ва молларини мендан сақлашибди. Фақат Ислом ҳаққи мустасно, ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадисда айтилган «Аллоҳнинг ҳаққи» деганда қасос ва бошқа шу каби айрим шаръий жазолар назарда тутилган.
Бу ҳадиси шарифдан жуда кўп маънолар чиқади. Ҳозир эса, бобга боғлиқ масалаларни кўришни лозим топдик. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Буюрилдим», «Менга амр қилинди» деганлари, Аллоҳ менга амр қилди, маъносида бўлади. Чунки у зотга Аллоҳдан бошқа амр қиладиган йўқ.
«Одамлар» деганлари эса, кўпчилик уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳарамайн ҳудудида яшовчи бутпараст-мушрикларни билдиради.
Имом Насаий қилган ривоятда: «Мушриклар билан уруш қилишга амр қилиндим», дейилган. Сўнгра Қуръон ҳукми билан аҳли китоблар жизя берсалар, улар билан уруш қилинмаслиги маълум ва машҳур. Демак, бу ҳадисдаги «одамлар» сўзидан барча одам тушунилмас экан.
Дарҳақиқат, бу ҳукм Арабистон ярим оролида ҳамма мушрикларга нисбатан қўлланилган. Улардан жизя ҳам олинмаган, улар билан сулҳ ҳам тузилмаган. Ислом ёки урушдан бирини танлаш таклиф қилинган. Тавҳид калимасини айтиб, Исломни қабул қилсалар, намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва бошқа амалларни қилиш талаб этилган. Закотни беришдан бош тортган баъзи қабилага Абу Бакр Сиддиқ даврларида уруш эълон қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида: «Шундай қилишса, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар», дедилар.
Яъни, қачонки шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот берсалар, улар мўъмин-мусулмон бўлиб, уларнинг қонини тўкиш, молини ўлжа қилиб олиш ҳаром бўлиб қолади, дейилганидир.
«Фақат Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар)», деганлари, Исломда диний ҳақ сифатида ҳукм қилинган нарсалар бўлса, қонлари ва моллари сақланмайди, деганларидир.
«Ҳисоблари эса, Аллоҳнинг зиммасидадир» деганлари, мен сиртига қараб, яъни, тавҳид калимасини айтишига, намоз ўқишига, рўза тутишига қараб, ҳукм ва муомала қилавераман. Ичида нима бор бўлса, ҳисоб-китобни Аллоҳнинг Ўзи қилади, деганларидир.
Бу ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган ҳукм ва фойдалар ҳақида уламоларимиз кўп нарсани айтганлар, шулардан баъзиларини келтирамиз:
1. Ким мусулмонликни изҳор қилиб, дин арконларини бажарса, унга тегилмайди.
2. Бировнинг мусулмон экани ҳақида ҳукм қилиш учун у шаҳодат калимасини айтиши шарт. Агар шаҳодат калимасини айтмаса, мусулмон деб ҳукм қилинмайди.
3. Исломнинг зоҳирий амалларини қилиб юрган одамлар, мусулмон ҳукмида ҳисобланади.
4. Шаҳодат аҳли бўлган одамларни, яъни шаҳодат калимасини айтиб юрганларни кофир деб бўлмайди.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, халифалар ҳам зоҳирга қараб ҳукм қилганлар. Одамларнинг ичида нима борлигини фақат Аллоҳгина билади.
6. Биров шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот бериб, ўз жони ва моли дахлсизлигини таъминлаган бўлса ҳам, исломий жазога тортилиши мумкин. Мисол учун, қасддан одам ўлдирса, қасос олиш учун уни ҳам ўлдирилади.
Демак, Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди. Исломни эса, ушбу ҳадисда келган нарсаларни қилгандагина, қабул қилади. Бир кишининг номи мусулмонча бўлгани учунгина, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Ота-бобоси мусулмон бўлиб ўтгани учун ҳам, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Балки ҳар бир вояга етган одамнинг шаҳодат калимасини нутқ қилиши, Ислом ақийдасини жазм ила дилида тасдиқ қилиши билан, намоз, закотга ўхшаш фарзу вожиб амалларни адо этиши билан, мусулмон шахс сифатида қабул қилинади.
1092 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّداً رَسُولُ اللهِ، وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ، وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ، فَإِذَا فَعَلُوا ذَلِكَ عَصَمُوا مِنِّي دِمَاءَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ إِلَّا بِحَقِّ الإِسْلَامِ، وَحِسَابُهُمْ عَلَى اللهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 25، م 22].