1094-ҳадис

1094. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Намозни тарк қилиш киши билан ширку куфр ўртасидадир», деганларини эшитганман».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Намозни тарк этмагин. Зеро, кимки намозни қасддан тарк этса, дарҳақиқат, ундан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) соқит бўлади» (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонларга қарши улар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бермагунларича, намозни қоим қилмагунларича ва закотни бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шуни қилсалар, мендан қонлари-ю молларини сақлаган бўладилар. Бироқ, ислом ҳақи бундан мунтасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳга ҳавола» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида у учун (намози) нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди ва у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

Айрим уламолар айтишларича, «Намозни тарк этган кимса ана шу тўрт малъун билан бирга қайта тирилади. Чунки уни намоздан ё молу давлати, ё мулк-салтанати, ё вазирлик-мансаби ва ё тижорати машғул қилган. Кимки намоздан молу давлати сабабли машғул бўлса, у Қорун билан бирга тирилади.

Кимки намоздан мулк-салтанати сабабли машғул бўлса, у Фиръавн билан бирга тирилади.

Кимки намоздан вазирлик – мансаби сабабли машғул бўлса, у Ҳомон билан бирга тирилади.

Кимки намоздан тижорати сабабли машғул бўлса, у Маккадаги кофирларнинг тижоратчиси билан бирга тирилади».

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу жароҳатланган вақтларида: «Эй амирал мўминин, намоз (яъни, намозни ўқиб олинг)», дейишди. Шунда у зот розийаллоҳу анҳу: «Ҳа, тўғри. Намозни зое қилган бирон бир киши учун Исломда насиба йўқ», дедилар-да намозни ўқидилар. Жароҳатларидан эса қон оқиб турарди.

Абдуллоҳ ибн Шақиқ Тобиъий розийаллоҳу анҳу дейдилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари намоздан бошқа ҳеч бир амални тарк этишни куфр деб ҳисобламасдилар» (Термизий ривояти).

Иброҳим Нахаъий ва Айюб Саҳтиёнийлар ҳам шу гапни айтишган. Авн ибн Абдуллоҳ деганлар: «Агар банда қабрига қўйилса, биринчи бўлиб сўраладигани – намоздир. Агар намози яроқли топилса, унинг бошқа амалларига қаралади. Борди-ю, яроқли деб бўлмаса, ундан кейин бошқа бирон амалига қаралмайди».

Ибн Ҳазм: «Ширкдан кейин намозни вақтидан кечиктириш ва мўминни ноҳақ ўлдиришдан кўра улканроқ гуноҳ йўқ», деганлар.

Ривоят қилинишича, қиёмат кунида биринчи бўлиб намозни тарк этгувчиларнинг юзлари қораяди. Жаҳаннамда «Лам-лам» номли илонлар дараси бўлиб, ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек, узунлиги бир ойлик масофага тенг бўлади. Улар намозни тарк этгувчиларни чақадилар. Унинг заҳари намозни тарк этгувчининг жисмида етмиш йил қайнайди-да, сўнг унинг гўштлари эриб тушади.

1094 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ بَيْنَ الرَّجُلِ وَبَيْنَ الشِّرْكِ وَالكُفْرِ تَرْكَ الصَّلاَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [82].


Улашиш
|
|
Нусха олиш