1096. Буюклиги иттифоқ қилинган тобеъинлардан Абуллоҳ ибн Шақиқ роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари намозни тарк қилишдан бошқа бирор амални тарк қилишни кофирлик деб ҳисоблашмас эди», дедилар».
Имом Термизий иймон китобида саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, мол-дунёларингиз ва бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун сураси, 9).
Муфассирлар айтганларки, оятдаги Аллоҳнинг зикридан мурод беш вақт намоздир. Кимки намозни вақтида ўқишдан тижоратдаги, олди-сотдидаги, кундалик ҳаётидаги мол-дунёси ёки фарзандлари сабабли машғул бўлиб қолса, у зиёнкорлардандир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).
Аллоҳ таоло дўзах эгалари ҳақида хабар қилиб дейди: «(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида): Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо – Қиёмат кунини ёлғон дер эдик». Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!» (Муддассир сураси, 42–48).
Ҳадисдан ўрганганларимиз:
1. Намоз ўқиш бир кимсанинг мўмин эканининг далили бўлиш билан бирга, намозни тарк қилиш ҳам инсонни куфрга нисбат қилинишига сабаб бўлади.
2. Намоз, ибодатларнинг энг муҳими бўлиб, вақтида адо қилиниши, давомий адо қилиниши ва тарк қилинмаслиги керак.
1096 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ شَقِيقِ التَّابِعِيِّ الْمُتَّفَقِ عَلَى جَلَالَتِهِ رَحِمَهُ اللهُ قَالَ: كَانَ أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَا يَرَونَ شَيْئاً مِنَ الأَعْمَالِ تَرْكُهُ كُفْرٌ غَيْرَ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي «كِتَابِ الإِيمَانِ» بإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [2622].