1097. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни банданинг биринчи бўлиб ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар у яроқли бўлса, нажот топиб, муваффақиятга эришибди. Агар яроқсиз бўлса, ҳасрат-надоматда қолибди. Агар бордию фарз амалларидан бирор камчилик бўлса, Аллоҳ таоло: «Бандамнинг нафл амалларига қаранглар-чи?» дейди. Агар нафл амаллар бўлса, фарзнинг камчиликлари тўлдирилади. Кейин бошқа амаллари ҳам мана шу тарзда ижро этилади», дедилар”.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.
Шарҳ: Қиёмат куни отанинг бола билан, боланинг ота билан, онанинг қиз билан, қизнинг она билан, эрнинг хотин билан, хотиннинг эр билан иши йўқ. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. ҳамма У куннинг даҳшатидан титрайди. ҳамма ўзининг нима бўлишидан хавфда бўлади. Ҳамма ҳисоб-китобни кутади. Ана шу пайтда бандаларнинг бу дунёда қилган амалларининг ҳисоб-китоби бошланади. Дастлаб намознинг ҳисоб-китобидан бошланади:
Сенга намоз фарз бўлганидан бошлаб қанча намоз ўқидинг?
Қанча намозни қазо қилдинг?
Қанча намозни тўлиқ ўқидинг?
Қанчасини ўз вақтида ўқидинг ва ҳоказолар.
Мана шунинг ўзи намознинг қанчалар аҳамиятли эканини яққол кўрсатиб турибди.
Келинг, ушбу улуғ ҳадиси шарифдан чиқадиган фойдаларни бирма-бир ўрганайлик:
1. Қиёмат куни одамларни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир.
2. Агар банда намозни бу дунёда ўз вақтида адо этган бўлса, у банда ютуққа эришади, нажот топади. Дўзах азобидан қутулиб, жаннатга киради.
3. Агар банда бу дунёда намозни ўқимаган ёки чала адо этган бўлса, шўри қурийди. У ўшал кунда ноумид бўлади, хусронга учраб дўзахнинг энг қаъридан жой олади.
4. Аллоҳ таоло Ўзи билиб туриб, фаришталарга:
«Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди.
Бу билан намозни тугал ўқиганларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, қиёмат куни фаришталар ва бутун халойиқ олдида уларни шарафлаш бўлади. Шу билан бирга намоз ўқимаганлар ва намозни тўлиқ ўқимаганларни шарманда қилиш юзага чиқади. Улар ўша кунда ҳамманинг олдида шарманда бўлиб хору-зор бўладилар.
5. Фаришталар банданинг намозига назар соладилар, агар намози тугал бўлса, тугал, деб ёзиб қўядилар ва банданинг иши хурсандчиликка айланади.
6. Фаришталар назар солганда, агар намозидан бирор нарса кам бўлса, баъзиси ўқилмаган ёки камчилик билан ўқиган бўлса, унинг нафл намозидан олиниб, ўша камчилик тўлатилади.
7. Бунда нафл намознинг аҳамияти намоён бўлмоқда. Шунинг учун нафл намозни кўпроқ ўқиш керак.
8. Нафл намози йўқларнинг аҳволи чатоқ бўлиши.
9. ҳамма фарз амаллардан камчилик бўлса, ўша амалларнинг нафлдан ўрни тўлғизилиши.
10. Нафл ибодатларга тарғиб.
Намозида камчилик бўлганларнинг ҳоли шу бўлса, умуман намози йўқларнинг ҳоли нима бўлишини ақли бор одам ўзи билиб олаверади.
Иш бундоқ бўлганидан кейин, бир ракат фарз намозни ҳам қолдирмай ўз вақтида, яхшилаб ўқишимиз лозим. Бошқа вақтларда иложи борича кўпроқ нафл намоз ўқишга ҳаракат қилишимиз керак. Токи, қиёмат куни шарманда бўлмайлик. ҳисоб-китобимиз аввалидан яхши бошланишига муяссар бўлайлик. Намозимиз тугал чиқиб, ютуққа эришиб, нажот топиб, жаннатга кирайлик.
1097 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ العَبْدُ يَوْمَ القِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلَاتُهُ، فَإِنْ صَلَحَتْ، فَقَدْ أَفَلَحَ وَأَنْجَحَ، وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ، فَإِنِ انْتَقَصَ مِنْ فَرِيضَتِهِ شَيْئاً، قَالَ الرَّبُّ عَزَّ وَجَلَّ: انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ، فَيُكَمَّلُ بِهَا مَا انْتَقَصَ مِنَ الفَرِيضَةِ؟ ثُمَّ تَكُونُ سَائِرُ أَعْمَالِهِ عَلَى هَذَا». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ [413].