129. У кишидан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Масжидга эрта бориш, намоз вақти киришини масжидда кутиб ўтириш, шу аснода жим ўтирмай зикр, дуо, Қуръон қироати ва нафл намоз билан машғул бўлиш Аллоҳнинг мағфиратига ҳамда улкан ажрга сабаб бўлади. Бу нарса ўша банданинг қалби масжидга боғлиқлигини ҳамда намозни қанчалик улуғлашини кўрсатади. Масжидга эрта бориш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар намозга эрта боришда қандай фойдалар борлигини билганингизда эди унга мусобақа қилиб келган бўлар эдингиз”.
Намозга эрта боришнинг фазилатлари ва фойдалари қуйидагилардан иборатдир:
1. Аршнинг соясида турадиганлар сифати ила сифатланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Етти тоифага Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ бўлган кунда аршининг соясидан жой беради... Масжидларга қалби боғлиқ кишига ҳам”. Бухорий ва Муслим ривояти.
2. Намозга эрта борган киши намозни кутиб турган кишидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Модомики сизлардан бирингизни масжидда намоз тўхтатиб турган экан, аҳлига қайтишдан намоз тўсиб турган экан, у одам намозда турган ҳисобланади”.
Яна Набий алайҳиссалом: “Мен сизларни Аллоҳ у сабабли хатоларингизни ўчириб, даражаларингизни кўтарадиган нарсага йўллаб қўяйми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули” дейишди. Шунда у зот: “Қийин шароитда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжидга қадамни кўпайтириш, намоздан кейин яна навбатдаги намозни кутиш. Мана шу ҳақиқий муробитликдир”, дедилар. Муслим ривояти.
3. Фаришталарнинг Аллоҳдан у бандага мағфират тилашларига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло марҳамат этади: “У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (сизларга мағфират тилайдилар). У мўминларга меҳрибондир” (Аҳзоб сураси, 43-оят).
4. Масжидга сакинат билан келади.
Албатта, масжидга эрта келувчи одам вақт кенг бўлгани учун хотиржам, шошилмасдан келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам намозга сакинат ва виқор билан келишни буюрганлар. Намозга такбир айтилганда масжидга келувчи одам эса бундай имкониятдан қуруқ қолади.
5. Масжидга дуо ўқиб киради.
Ҳадисларда зикр қилинган масжидга кириш дуосини фақат эрта келган одамгина айтиши мумкин. Кеч қолиб, шошилиб келган одам бундай дуоларни ўқишга вақт топа олмайди.
6. Биринчи сафга эришади.
Биринчи сафнинг фазилати жуда улкандир. Бу борада кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Чунки, биринчи саф фаришталарнинг сафларидир. Аллоҳ, фаришталар биринчи сафга саловот айтиб туришади. Бу фазл иккинчи ва учинчи сафларга етмайди. Биринчи сафга етишиш учун эса киши масжидга эрта келиши лозим.
7. Сафнинг ўнг тарафида туришга имкон бўлади.
Набий алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, Аллоҳ, фаришталар сафларнинг ўнг тарафига саловот айтадилар”. Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти. Албатта, биринчи сафнинг ўнг томонида туриш бахтига фақатгина намозга эрта келган одамгина эриша олади.
8. Азон ва иқомат ўртасида дуо қилади.
Набий алайҳиссалом марҳамат қилдилар: “Азон ва иқомат ўртасидаги дуо рад қилинмайди”. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Ибн Хузайманинг ривоятида: “Азон ва иқомат орасидаги дуо рад этилмайди. Шундай экан, дуо қилинглар”, дейилган. Бундай дуони қилиш бахтига, албатта, масжидга эрта келган одамгина сазовор бўлиши мумкин.
9. Иқоматдан олдин намоз ўқишга имкон бўлади.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир азон ва иқомат орасида намоз бор. Ҳар бир азон ва иқомат орасида намоз бор”. Учинчисида: “Хоҳлаган кишига” деб қўшиб қўйдилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Албатта, иқоматдан олдин нафл намоз ўқишга фақатгина масжидга эрта келган кишигина улгура олади.
10. Азон ва иқоматга жавоб қайтаради.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар азонни эшитсангизлар муаззин атаётган сўзларни қайтаринглар”. Бухорий ва Муслим ривояти.
Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар муаззиннинг намозга тасвиб айтаётганини эшитсангизлар унинг айтаётган сўзларини қайтаринглар”. Аҳмад ривояти. Тасвиб – намозга чорлов. Бу бизда кўпроқ иқомат пайтида муаззиннинг “қомат” дейишига тўғри келади.
11. Такбири таҳримани топади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қирқ кунгача намозни жамоат билан такбири таҳримани топган ҳолда ўқиса, унга иккита озодлик ёзилади: дўзахдан озодлик, нифоқдан озодлик”, деб марҳамат қилдилар. Термизий ривояти.
12. Имом билан бирга “омийн” дейди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар имом “Ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн” деса, “Омийн” денглар. Чунки, кимнинг сўзи фариштанинг сўзига мувофиқ келиб қолса, ўтган гуноҳлари кечирилади”. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яҳудийлар сизларнинг салом ва оминларингизга ҳасад қилишганидек бошқа бирорта нарсангизга ҳасад қилишмаган”. Ибн Можа ва Ибн Хузайма ривоятлари.
13. Хушуъ билан намоз ўқийди.
Намозга эрта келиш, дунё ишлари ва қийинчиликларидан бир муддат узилиш намозни хушуъ билан адо этишга ва намозхон ўз Роббисига қалби ила юзланишига сабаб бўлади. Чунки, намозхон масжидга эрта келиб, у ерда қанча кўп турса, қанча кўп намоз ўқиса, Қуръон қироати, зикр ва дуо билан машғул бўлса қалби фарз намозга ҳозир бўлади, тана аъзолари сокинликка эришади ва ибодатга интиқлик, фаоллик ва роҳат пайдо бўлади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: “Бизларни намоз ила роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари.
129 - السَّابِعُ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ غَدَا إِلَى الْمَسْجِدِ أَوْ رَاحَ أَعَدَّ اللهُ لَهُ فِي الجَنَّةِ نُزُلًا كُلَّمَا غَدَا أَوْ رَاحَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 662، م 669].
«النُّزُلُ»: القُوتُ وَالرِّزْقُ وَمَا يُهَيَّأُ للضَّيفِ.