13. Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Киши шижоати туфайли ҳам жанг қилади, тарафкашлик қилиб ҳам жанг қилади ва риё қилиб ҳам жанг қилади, буларнинг қай бири Аллоҳ йўлида?» деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фақат Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учунгина жанг қилса, ана ўша Аллоҳ йўлидадир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Киши шижоати туфайли ҳам жанг қилади» жумласида, ушбу хулқ билан ястаниб олади, қаҳрамонлардек курашишни яхши кўради, шижоатида худди шернинг шижоатига ўхшаб олади, ваҳоланки бу пайтда ҳавойи нафсига тобеъ бўлади, деган маънони мақсад қилганлар.
Имом Нававий: «Амаллар солиҳ ниятлар сабаб ҳақиқий амал деб ҳисобланишидан биламизки, мужоҳидларнинг ичида Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши учунгина курашгани фазилатда пешқадамдир», дедилар.
Ибн Аби Жамра Аздий «Саҳиҳул бухорий»га ёзган шарҳларида: «Ким буюк жиҳод бўлмиш нафс жиҳодини амалга оширишга киришса, у бунда жидду-жаҳд қилсин. Чунки бу ҳам Аллоҳ калимасини олий қилишдир. Аммо жоҳиллар ғайри оддий нарсалар ва кароматларни қўлга киритиш учун жидду-жаҳд қилишлари бу маъно ичига кирмайди. Балки Аллоҳ таолонинг қуйидаги: «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир» (Ҳаж сураси, 11-оят)ига мос келади.
Бу ҳадисда яна амалдан аввал илм бўлишига ҳам ишора қилинган.
13 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى عَبْدِ اللهِ بْنِ قَيْسٍ الأَشعرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الرَّجُلِ يُقَاتِلُ شَجَاعَةً، وَيُقَاتِلُ حَمِيَّةً، وَيُقَاتِلُ رِيَاءً، أَيُّ ذَلِكَ فِي سَبِيلِ اللهِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ: «مَنْ قَاتَلَ لِتَكُونَ كَلِمَةُ اللهِ هِيَ الْعُلْيَا فَهُوَ في سَبِيلِ اللهِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7458، م 1904/150]