134-ҳадис

134. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким яхшилаб таҳорат қилиб, кейин жумага келса ва (хутбани) жим туриб тингласа, бу билан у жуманинг ораси ва яна уч кун зиёдаси билан мағфират қилинади. Ким майда тошларни ушласа, лағв қилган бўлади».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуманинг бир неча одобларини баён қилмоқдалар:

1. Жумага яхшилаб таҳорат қилиб бориш.

Бориб, сўнгра таҳорат қилиш ёки бироз ўтириб кейин таҳоратга чиқиш яхши эмаслиги шундан кўриниб турибди. Бу мулоҳазани ҳеч унутмаслик керак.

2. Иложи борича имомга яқинроқ бўлишга ҳаракат қилиш. Чунки имомга қанча яқин бўлса, киши хутбани шунча яхши эшитади. Жума кунининг асосий ишларидан бири ҳам хутба тинглашдир.

3. Хутбани яхшилаб тинглаб, ундан фойда олиш.

Чунки одатда жума хутбаларида фойдали ваъз-насиҳатлар қилинади.

4. Жим ўтириш.

Жим ўтирган одам ўзи хутбани яхши эшита олмаса ҳам, бошқаларга халақит бермайди. Жим ўтирмаган одам эса ўзи ҳам эшитмайди, ўзгаларга ҳам эшиттирмайди. Шунинг учун хутбани ўзи эшитмаган тақдирда ҳам жим ўтириши керак.

5. Намоз ўқийдиган жойдаги майда тошларни текислаш ва шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлмаслик. Аксинча, жуманинг фазилатларидан кўпроқ баҳраманд бўлиш учун зикр ва ибодат билан машғул бўлмоқ керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳадисдаги «тинг­ласа, жим ўтирса» деган иборалардан ва тошларни текислашга ҳам рухсат берилмаганидан имом хутба қилаётганида намоз ўқиб бўлмаслигини олганлар.

Муҳими, юқоридаги шартларни бажо келтирган мўмин кишининг икки жума орасидаги гуноҳлари ва яна қўшимча уч кунлик гуноҳлари мағфират қилинишини унутмаслик лозим.

134 - الثَّاني عَشَرَ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحَسَنَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ أَتَى الْجُمُعَةَ، فَاسْتَمَعَ وَأَنْصَتَ، غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ وَزِيَادَةُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ، وَمَنْ مَسَّ الْحَصَا فَقَدْ لَغَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [857/27].


Улашиш
|
|
Нусха олиш