135-ҳадис

135. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Мусулмон [ёки мўмин] банда таҳорат қилиб, юзини ювганида ўша сув [ёки ўша сувнинг охирги қатраси] билан унинг юзидан икки кўзи билан қараб қилган барча гуноҳлари чиқиб кетади. Икки қўлини ювганида эса ўша сув [ёки ўша сувнинг охирги қатраси] билан унинг икки қўли билан қилган барча гуноҳлари чиқиб кетади. Икки оёғини ювганида ўша сув [ёки ўша сувнинг охирги қатраси] билан икки оёғида юриб қилган гуноҳлари чиқиб кетади. Ниҳоят, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда бошдан охиригача таҳорат туфайли банданинг гуноҳлари қандоқ тўкилиши батафсил баён қилинмоқда.

Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли содир бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Мусулмон одам таҳорат пайтида зоҳирий аъзоларидан кир, чанг-тўзонларни ювса ҳам, аслида унинг гуноҳлари ювиб ташланиши маълум бўлмоқда. Бу эса таҳоратнинг фазли қанчалик баланд эканини кўрсатади.

Шу жойда умумий қоида сифатида ҳаммамиз учун ўта муҳим бир масалани эслаб ўтишимиз лозим. Бу ҳадиси шариф, ундан олдинги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда гап кичик гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида бормоқда. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб ёки ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса ва намоз ўқиса ёхуд жума намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлари тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслигимиз керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган кичик гуноҳларга тегишлидир. Бундан кейин келадиган ҳадисларда «агар катта гуноҳ қилмаган бўлса», деган истисно ҳам келади. Уни Аллоҳ хоҳласа, ўз ўрнида ўрганамиз.

Шунингдек, бошқа бандалар ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб қилинган гуноҳлар ҳам қасос олинмагунча ювилмайди. Бу ҳам Аллоҳ хоҳласа, кези келганда ўрганилади.

Лекин таҳорат билан кичик гуноҳларнинг ювилиб кетиши ҳам катта гап. Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳамати бу. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар аъзосини юваётиб: «илоҳо, ушбу аъзолардан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки таҳорат қилиш ҳам аввал айтиб ўтилганидек, ўзига хос ибодатдир.

Шу туфайли таҳорат қилаётганда бошқалар билан гаплашиш, шоша-пиша, чала-чулпа таҳорат қилишга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун Аллоҳ томонидан кичик гуноҳларини ювиб олиш учун берилган имконият ва қулай фурсатдир.

135 - الثَّالِثَ عَشَرَ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ - أَوِ الْمُؤْمِنُ - فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنِهِ مَعَ الْمَاءِ، أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ يَدَيهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيْئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ، أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيْئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلَاهُ مَعَ الْمَاءِ، أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ؛ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيّاً مِنَ الذُّنُوبِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [244].


Улашиш
|
|
Нусха олиш