137-ҳадис

137. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хатоларни ўчириб, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага сизларни далолат қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. «Қийинчиликларда ҳам таҳоратни мукаммал қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни кутиш. Ана ўша ишингиз риботдир» дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Исломда мусулмонларни душманлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун шай бўлиб, чегара қўриқлаб турган одам «рибот» ёки «муробит» дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда зикр қилинган амалларни бажарувчи кишилар эса, мазкур амалларни адо этиш учун ҳавойи нафсларини жиловлаб турганлари сабабидан «муробит» деб аталмоқдалар. Улар ҳам чегарада ватан ҳимоясига шай турган муробитга ўхшатилмоқда.

«Қийинчиликлар» деб таржима қилинган сўз матнда «макориҳ» деб келган бўлиб, малолланиш, эриниш каби маъноларни ҳам ўз ичига олади.

Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало саҳобаи киромларга савол ила мурожаат қилиш билан уларни маълум амалларга қизиқтириб қўймоқдалар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар.

Бу савол, албатта, ҳар бир эшитувчининг қалбида «хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарса нима экан?» деган қизиқиш уйғотади.

Хатоси йўқ ким бор?

Хатосининг ўчишини хоҳламайдиган ким бор?!

Нима қилсам, хатоларим ўчар экан, деб ўйламаган ким бор?!

Қолаверса, даражаси кўтарилишини истамаган ким бор?!

Саҳобаи киромлар бу маънода ҳаммадан пешқадам бўлишга интилганлари маълум. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги саволни эшитишлари билан:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан кейин саҳобаларга хатоларни ўчириб, даражаларни кўтарадиган нарсалардан учтасини айтдилар:

1. «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш».

Бундан мусулмон одам таҳорат учун қандай қийинчиликларга дуч келса ҳам сабр қилиб, яхшилаб таҳорат олиши лозимлиги келиб чиқади. Таҳорат вақтида дуч келинадиган қийинчиликлар эса замонга, маконга ва шароитга қараб турлича бўлиши мумкин. Сув тақчил жойларда унинг нархи кўтарилиб кетиши ҳам таҳорат қилмоқчи бўлган одамга қийинчилик ҳисобланади, деб айтишган қадимги уламоларимиз. Шунингдек, ҳаво совуқ бўлиши туфайли ҳам қийинчилик туғилиши мумкин. Ҳозирги пайтда чет элларга сафар чоғида, нотаниш жойларда таҳорат қилиб олиш имкони йўқлиги ҳам қийинчилик ҳисобланади. Лекин булар таҳорат қилмасликка баҳона бўла олмайди. Худди ана шу нарса ҳадиси шарифда зикр этилганидек, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш банда хатоларининг Аллоҳ таоло томонидан ўчирилишига ва даражалари кўтарилишига сабаб бўлади.

2. «Масжидларга қадамни кўпайтириш».

Яъни, масжидга қатнаб, жамоат намозларида кўпроқ иштирок этиш. Бунда ҳам киши баъзи қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Аммо буларга қарамай, масжид томон қанча кўп қадам босса, хатоси шунча кўп ўчирилади, даражаси шунча кўтарилади.

3. «Намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш».

Бир намозни ўқиб бўлгандан кейин, иккинчисини иштиёқ билан кутишга нима етсин! Намоз иштиёқида туриш, намоз вақти қачон келар экан, ўқиб ҳузур топсам, савоб олсам, деб интизор бўлиш қанчалар яхши! Инсондан ҳеч қандай ортиқча саъй-ҳаракат, сарф-харажат талаб этмайдиган бу нарса ҳам Аллоҳ таоло томонидан мусулмон одам учун хатоларни ювиб, даражаларни кўтариб олишга қулай фурсат қилиб берилган экан. Бу қандайин ҳам улуғ бахт!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг зиёдасига мазкур ишларнинг яна бир фазлини зикр этиб:

«Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар.

Бундан ана ўша муробитлик маъноси ҳам чиқади.

Биз мусулмонлар нақадар бахтли бандалармиз. Ўзимиз учун керакли ва фойдали амаллар бизга ибодат қилиб берилган. Бугунги кунда фойда оладиган ишларимиз Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган, қолаверса, хатоларимизнинг ювилишига, даражаларимизнинг кўтарилишига сабаб қилиб қўйилган.

Хатоларимиз ювилсин, даражаларимиз баланд бўлсин десак, қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилайлик, масжидлар томон босадиган қадамларимизни кўпайтирайлик ва намоздан кейин яна навбатдаги намозни иштиёқ билан интизор бўлиб кутайлик.

 

137 - الْخَامِسَ عَشَرَ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى مَا يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا، وَيَرْفَعُ بِهِ الدَّرَجَاتِ؟» قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «إِسْبَاغُ الْوُضُوءِ عَلَى الْمَكَارِهِ وَكَثْرَةُ الْخُطَا إِلَى الْمَسَاجِدِ، وَانْتِظَارُ الصَّلَاةِ بَعْدَ الصَّلَاةِ، فَذَلِكُمُ الرِّبَاطُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [251].


Улашиш
|
|
Нусха олиш