138-ҳадис

138. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким икки «салқин» намозни ўқиса, жаннатга киради», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Икки «салқин» намоз – бомдод ва аср намозидир. Баъзи уламолар, уни бомдод ва хуфтон, деб атадилар ҳам. Лекин бу ҳадисларда бомдод ва аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг боиси бор. Аввало, бу икки намоз ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар алмашинадиган вақтда ўқилади. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло: бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз? деб сўрайди.

Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда ўқилади. Ким бу икки намозни ширин уйқуси ва маишатидан кечиб ўз вақтида адо этса, жаннатга киради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар».

(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Бу ҳадисда аср намози инсон учун аҳли аёли ва молу дунёси каби қимматли экани ҳақида сўз бормоқда. Бир вақт асрни ўқимаган одам аҳли аёлини ва молу дунёсини йўқотган одамдек қайғуриши лозимлиги таъкидланмоқда.

Шундоқ экан, умр бўйи аср намозини ўқимаганлар нима йўқотган бўладилар?

Минглаб, юзлаб, ўнлаб аср намозини ўтказиб юборганлар-чи? Уларни аср намозини доимо ўқиб юрганлар билан тенглаштириб бўладимикан?


138 - السَّادِسَ عَشَرَ: عَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى الْبَرْدَيْنِ دَخَلَ الْجنَّةَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 574، م 635].

«البَرْدَانِ»: الصُّبْحُ وَالْعَصْرُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш