14. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис ас-Сақофий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса, қотил ҳам, мақтул ҳам жаҳаннамдадир», деганларида, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, манави-ку қотил, мақтулнинг айби нима?» дедим. У зот: «Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи эди-да», дедилар», деб айтди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ким гуноҳ ва маъсиятни қалбидан қасд қилиб, нафсига жойласа, ўша қилган эътиқоди ва азму қарорида гуноҳкор бўлур. Шунинг учун ҳадис лафзида ҳам «ўлдирмоқчи эди» ва «ўлдиришга ҳарис эди», деб келган. Аммо фикрига шунчаки келиб, у ерда қарор топмаса, уни оддий қасд қилган бўлади. Азму қарор билан оддий қасд қилишнинг орасида фарқ бордир. Азму қарор қилган кишига битта ёмонлик ёзилади. Агар уни амалга оширса, иккинчи гуноҳ ёзилади.
Нофеъ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Ибн Зубайр фитнасида у кишининг (Ибн Умарнинг) ҳузурига икки киши келиб, «Одамлар зое қилинди. Сиз эса Умарнинг ўғлисиз, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасисиз, сизни чиқишдан нима ман қиляпти?» дейишди. У: «Аллоҳ биродаримнинг қонини ҳаром қилгани мени ман қилади», деди. «Аллоҳ «то фитна бўлмайдиган бўлгунча улар билан жанг қилинг» демаганми?», дейишди. Шунда у: «Биз фитна бўлмаслиги ва дин Аллоҳники бўлиши учун жанг қилдик. Сизлар эса фитна бўлиши ва дин Аллоҳдан ўзганики бўлиши учун жанг қилмоқдасиз», деди».
(Имом Бухорий ривояти)
* Ибн Зубайр фитнаси деганда ҳижрий етмиш учинчи йилнинг охирида Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг Абдулмалик ибн Марвон юборган Ҳажжож томонидан Маккада қамал қилиниб, сўнг ўлдирилиши назарда тутилади.
14- وَعَنْ أَبِي بَكْرَةَ نُفَيْعِ بْنِ الْحَارِثِ الثَّقَفِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا الْتَقَى الْمُسْلِمَانِ بِسَيْفَيْهِمَا فَالْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَذَا الْقَاتِلُ، فَمَا بَالُ الْمَقْتُولِ؟ قَالَ: «إِنَّهُ كَانَ حَرِيصًا عَلَى قَتْلِ صَاحِبِهِ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 31، م 2888].