«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига кирганларида, олдида бир аёл бор эди. У зот: «Бу ким?» дедилар. «Фалона», деб, унинг намозини зикр қила кетди. «Тўхта! Тоқатингиз етадиган нарсани қилинглар. Аллоҳга қасамки, сизга малол келмагунича, Аллоҳга малол келмайди», дедилар. У Зотга дин(амаллари)нинг энг севимлиси – эгаси унда бардавом бўлгани эди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Оиша онамиз бир аёл билан гаплашиб ўтирганларида, олдиларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келибдилар. Шунда, ҳалиги аёл ўрнидан туриб чиқиб кетаётганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу аёл ким?» деб сўрадилар». Оиша онамиз:
«Фалона, намозидан гапирмоқда», дедилар.
Бошқа ривоятлардан маълум бўлишича, у аёлнинг исми Хавла бинти Тувайт бўлган. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига: «Бу Хавла бинти Тувайт, Мадина аҳли ичидаги энг ибодатли шахс, кечаси билан ухламай намоз ўқиб чиқади», деганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўхта! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир», дедилар».
Кўриниб турибдики, Хавла бинти Тувайт ал-Асадийя розияллоҳу анҳонинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан маъқулланмаяпти. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни
«Тўхта!» деб инкор қилмоқдалар. Сўнгра эса, Исломнинг бу борадаги таълимотларини баён қилмоқдалар:
«Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар».
Яъни, қўшимча ибодат қиладиган бўлсангиз, тоқатингиз етадиганини танланг. Ўз имконларингизга қаранг. Мисол учун мусулмон инсон ўзига фарзу вожиб бўлган намозлардан ташқари нафл намоз ўқиб, қўшимча ибодат қилмоқчи бўлса, ўз тоқатини ҳисобга олсин. Хавла бинти Тувайтга ўхшаб кечаси билан бутунлай ухламасдан намоз ўқиб, ўзини қийнамасин.
«Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди».
Яъни, сиз ўзингизни қийнаб, ортиқча уриниб, ибодатни малол олиб қилсангиз, Аллоҳга ҳам малол келади. Агар тоқатингиз етадиган нарсаларга қанча кўп уринсангиз, Аллоҳ ҳам малол кўрмай ажру савобни бераверади. Лекин тоқатингиздан ташқари ишга уриниб, малол олиб қилсангиз, ўзингизга яхши бўлмайди.
«У Зотга дин(амаллари)нинг энг севимлиси – эгаси унда бардавом бўлганидир».
Яъни, диндаги амалнинг Аллоҳга энг ёққани, эгаси унда доимий бўлганидир. Бирдан кўп қилиниб, кейин қолган амалдан фойда йўқдир. Аммо, оз бўлса ҳам доимий бўлиб тургани фойдалидир.
148 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا وَعِنْدَهَا امْرَأَةٌ، قَالَ: مَنْ هَذِهِ؟ قَالَتْ: هَذِهِ فُلَانَةُ تَذْكُرُ مِنْ صَلَاتِهَا، قَالَ: «مَهْ، عَلَيكُمْ بِمَا تُطِيقُونَ، فَوَاللهِ لَا يَمَلُّ اللهُ حَتَّى تَمَلُّوا» وكَانَ أَحَبُّ الدِّينِ إِلَيْهِ مَا دَاوَمَ عَلَيْهِ صَاحِبُهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 43، م 785/221].
وَ«مَهْ» كَلِمَةُ نَهْيٍ وَزَجْرٍ، وَمَعْنَى: «لَا يَمَلُّ اللهُ» أَيْ: لَا يَقْطَعُ ثَوابَهُ عَنْكُمْ وَجَزَاءَ أَعْمَالِكُمْ، وَيُعَامِلُكُمْ مُعَامَلَةَ الْمَالِّ حَتَّى تَملُّوا فَتَتْرُكُوا، فَينْبَغِي لَكُمْ أَنْ تَأْخُذُوا مَا تُطِيقُونَ الدَّوَامَ عَلَيْهِ، لِيَدُومَ ثَوَابُهُ لَكُمْ وَفَضْلُهُ عَلَيْكُمْ.