149-ҳадис

149. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларининг уйларига келишди. Уларга хабар қилинган эди, буни оз санагандай бўлиб, «Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! У зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса», дейишди. Улардан бири: «Мен абадул‑абад туни билан намоз ўқиб чиқаман», деди. Бошқаси эса: «Мен бир умр рўза тутаман, оғиз очиқ юрмайман», деди. Яна бошқаси: «Мен аёллардан четда бўламан, абадул‑абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар ва шундай дедилар: «Шундай, шундай деганлар сизларми?! Ҳой! Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман, Унга энг тақво қиладиганингизман, лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!»

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида нафл амалларда тежамкор бўлиш, тоқатидан ташқари нарсалар билан ўзини қийнамасликка чақирмоқдалар.

Бу ҳадиси шарифнинг айтилишига сабаб бўлган ҳодиса, бошқа ривоятларда тўлалигича келтирилган. Бир куни саҳобалардан уч киши Оиша онамиз ҳузурларига келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатлари ҳақида сўрайдилар. Оиша онамиз учовларига бор нарсани айтадилар. Шунда, уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл амаллари оз кўринади. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилиб қўйган, У киши қўшимча амал қилмасалар ҳам бўлаверади, аммо биз кўпроқ қўшимча амал қилишимиз керак, дейдилар. Улардан бири, мен доимо рўза тутаман, ҳеч оғзим очиқ юрмайман, дейди. Иккинчиси, мен кечаси ухламай намоз ўқийман, дейди. Учинчиси, мен аёлларга уйланмайман, дейди.

Уларнинг бу гаплари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ аччиқланадилар. Сўнгра масжидга чиқиб, намоздан кейин ваъз қиладилар. Биз ўрганаётган ҳадисдаги гапларни айтадилар:

«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».

Яъни, эй одамлар, огоҳ бўлинг, билиб қўйинг. Яна ҳар хил фикрларга бориб, турли гапларни гапириб юрманг.

«Аллоҳга қасамки».

Бу оддий гап эмас, қасам билан таъкидлаб айтилаётган, эътиборли ва аҳамиятли гап.

«Мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман».

Мендан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.

«Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».

Мендан кўра Аллоҳга кўпроқ тақво қиладиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.

«Аммо, рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади».

Яъни, нафл рўза тутадиган кунларим ҳам бўлади. Оғзим очиқ юрган кунларим ҳам бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳамда ойнинг аввали, ўртаси ва охирида ҳам нафл рўза тутардилар. Шунингдек, нафл рўзага ўта қизиққанлари учун Пайғамбар Довуд алаҳиссаломнинг рўзалари, бир кун тутиб, бир кун очиш маъқул эканини баён қилганлар. Бу масалалар, иншааллоҳ, кези келганда батафсил ўрганилади.

«Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам».

Яъни, кечаси ҳам нафл намози ўқийман, керагича ухлайман ҳам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси керагича ухлар эдилар. Аммо таҳажжуд намозини ҳам ўқир эдилар. Айниқса, туннинг учдан бири қолиб, саҳар яқинлашганда кўпроқ бедор бўлардилар. Бу масалалар ҳам кези келганда батафсил ўрганилади.

«Аёлларни никоҳимга ҳам оламан».

Никоҳсиз ўтиш менга мос эмас.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир вақтнинг ўзида тўққизта аёлни ўз никоҳларида олиб турганлари маълум ва машҳур.

«Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмасдир».

Яъни, ушбу ва бошқа ишларда ким менинг йўлимни тутмаса, менинг динимда эмас, деяптилар.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига, унинг моҳиятига тушуниб етишга бугунги кунда эҳтиёжимиз катта. Замон ўтиши билан мусулмонман, деб юрганларда ҳам Ислом тўғрисида нотўғри тасаввурлар ўрнашиб қолган. Улар турли динларга оид умумий тушунчани Исломга ҳам ёпиштиришга ҳаракат қиладилар. Исломни ҳам бошқа динларга ўхшаш таркидунёчиликдан иборат, деб ўйлайдилар.

Одамларнинг жуда оз қисми амал қилишда хато қиладилар, яъни, таркидунёчиликка юрадилар. Одамларнинг жуда кўплари эса, амал қилмас­лик­да хато қиладилар. Яъни, Исломни таркидунёчилик, деб гумон қилиб, ундан ўзларини олиб қочадилар.

Аслида эса, ундай эмас! Дунёдаги Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда бўлиш учун ўзини қийнайдиган бирор ишни қилишнинг ҳожати йўқ. Дунёдаги Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда бўлиш учун оғир келадиган бирор иш қилиш шарт эмас. Балки, таркидунё қилмай, дунёдаги ҳалол нарсалардан тўла баҳраманд бўлган ҳолда, меъёрида ухлаб, еб-ичиб, оила қуриб ҳам энг тақводор, Аллоҳга энг яқин банда бўлиш мумкин.

Бу улкан ҳақиқатни дунёдаги энг маҳбуб банда, энг улуғ Пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидан билиб олиш мумкин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида ухлаб, вақтида ибодат қилардилар. Вақтида ов­қатланиб, вақтида рўза тутардилар. Жуфти ҳалоллари билан оилавий ҳаётни давом эттирардилар.

Ислом Аллоҳнинг дини бўлгани учун унда инсоннинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Чунки, инсонни яратган Аллоҳ унинг эҳтиёжларини ҳам яхши билади. Агар инсон доимо оч юриши керак бўлганида, Аллоҳ уни таомга ҳожати тушмайдиган қилиб яратган бўлар эди. Агар инсон доимо овқат қилиб юриши лозим бўлганида, Аллоҳ рўзани фарз қилмас эди. Демак, инсон меъёрида еб-ичиб, меъёрида оч қолиши керак. Инсоннинг доимо оч қолишидан Аллоҳга ҳам, ўзига ҳам фойда йўқ. Аммо, инсоннинг меъёрида оч қолишида Аллоҳга фойда бўлмаса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор. Ислом кишиларни шунга буюради.

Шунингдек, инсон кечаси ухламаслиги керак бўлганида, Аллоҳ уни уйқуга хожатли қилиб яратмаган бўлар эди. Агар инсон умуман ибодат қилмай ухлаб ётаверса, ҳайвондан фарқи йўқ бўлиб қолмаганида, уни ибодатга амр қилмас эди. Инсоннинг ҳаддан ташқари кўп ухлашида Аллоҳга ҳам, инсоннинг ўзига ҳам фойда йўқ, балки ўзига зарар бор. Инсоннинг меъёрида ухлаб, меъёрида ибодат қилишида эса Аллоҳга фойда йўқ бўлса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор.

Агар инсон уйланмай ўтиши керак бўлганида, Аллоҳ таоло уни эркак-аёл қилиб, бир-бирига эҳтиёжли қилиб яратмас эди. Шунингдек, инсон жинсий майлининг ҳалол никоҳ йўли билан қондирмай, ҳаром йўл билан қондирганда ҳайвондан фарқи қолмайдиган бўлмаганида, Аллоҳ никоҳни жорий қилмас эди. Инсоннинг уйланмай ўтишидан Аллоҳга фойда йўқ, бандага зарар бор. Шунингдек, банданинг жинсий ҳаётда хоҳлаганини қилаверишида ҳам ўзига зарар бор. Ислом доимо бандаларга яхшиликни раво кўрганидан уларга никоҳ йўли билан, ҳалол-пок равишда жинсий майлларини қондиришларини йўлга қўйди.

Ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳдан энг қўрқувчи банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас.

Баъзи бир динларда никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат экан, илоҳий таълимотларга зидлиги шундан билинади.

Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, эркак бўлсин, аёл бўлсин, жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарса. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундоқ қилиб яратмас эди.

Ўша жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.

Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғликларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.

Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай-ҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳ-да бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда у Зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.

Исломда ухлаш, овқатланиш, оила ҳаёти каби нарсалар дунёвий иш ҳисобланиб, улардан ҳазар қилишга чақирилмайди. Балки бу нарсалар Ислом таълимотларига мос бўлиб, яхши ният билан амалга оширилса, савоб бўлади, ибодат ҳисобланади.

149 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْواجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوْهَا وَقَالُوا: أَيْنَ نَحْنُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ، قَالَ أَحَدُهُمْ: أَمَّا أَنَا فَأُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَداً، وَقَالَ الآخَرُ: وَأَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ، وَقَالَ الآخَرُ: وَأَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزوَّجُ أَبَداً، فَجَاءَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إلَيْهِمْ فَقَالَ: «أَنْتُمُ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا؟ أَمَا وَاللهِ إِنِّي لأَخْشَاكُمْ للهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ، لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ، وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ، وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّى». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5063، م 1401].


Улашиш
|
|
Нусха олиш