150. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулувга кетганлар ҳалок бўлди», деб уч марта айтдилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Динда инсон ундан ошириб юборса ғулув саналадиган чек-чегара шариат белгилаб берганидан зиёда қилишдир.
Ғулув – бир нарсада чуқур кетиш ва ортиқча уринишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғулувдан қайтариб, шундай деганлар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Тафрит-сусткашлик эса Аллоҳ фарз қилган вазифаларни адо этишда қосирлик қилишдир. Зино, ғийбат, чақимчилик каби маъсиятларни қилиш ёки ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш, саломга алик олиш каби баъзи бурчларни тарк қилиш диндаги тафритга киради.
Биринчиси. Нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқди йўқчиликдан қийналишар эди. Мана шу динда ғулуга кетиш бўлади.
Иккинчиси. Қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.
Учинчиси. Васвасага тушиб қолган кишилар. Улар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикан” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. Шайх Рашид раҳматуллоҳи алайҳ бир бор таҳорат қилиб турганимдан кейин фалон жойимга сув тегмай қолди шекилли деган хаёл келди. Қалбни ҳотиржам қилиш учун ўша жойни ювдим. Энди кетмоқчи бўлгандим фалон жойга ҳам тегмай қолдимикан деган хаёл келди. У ерни ҳам ювдим. Қарасам яна хаёл келди, шунда бу шайтоннинг васвасаси эканлигини тушундим ва шайтонга қарата “сенингча таҳоратим йўқ бўлса менимча бор. Сен айтгандек таҳоратсиз бўлсам ҳам ўқийвераман” деб унга парво қилмай қўйдим. Агар яна бир бор уни айтганига кирганимда эди умр бўйи васвасадан қутула олмай қолардим – деганлар.
Тўртинчиси. Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишилар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикан деб тагига етишга ҳаракат қилади. Мусулмон маҳалла, мусулмон киши бўлганидан кейин яхши гумонга бориб, таомини еявериш керак.
Бир куни Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ҳовузга йўлиқдилар. Амр ибн Осс ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси ҳовузинга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки ваҳший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ.
Албатта ғойримуслим бўлган халқ жониворларни “Бисмиллоҳ”ни айтмасдан сўйишга одатланган бўлса, уларни ҳалол йўл билан сўйилганини таҳқиқ қилиб олиш вожиб. Асли мубоҳ бўлган сабзавот ва меваларни эса Аллоҳ пок қилиб қўйган унга аниқ далил билан кимдир нажосат аралаштирмагани билинмагунича ейишга рухсат.
Бешинчиси. Ижтиҳодли масалаларда чуқур кетмаслик керак. Баъзи бир шундай масалалар борки фарз, вожиб, ҳаром бўлади. Фарзни тарк қилган ва ҳаромга қўл урганларни бундан қайтариш керак. Аммо баъзи масалалар борки, баъзи фуқаҳолар жоиз деса, баъзилар жоиз эмас дейишган. Биттаси бир ҳадисни ушлаб суннат деса, бошқаси бошқа ҳадисни ушлаб суннат эмас деган. Бир фақиҳнинг сўзини олган киши бошқа фақиҳнинг сўзини олган кишини бошига урмаслик керак. Масалан ҳанафийларда денгиз жониворларининг балиқдан бошқаси ҳалол эмас. Шофеъийларда эса, денгиз тўнғизи ҳам ҳалол. Ҳанафий мазҳабини ушлаган киши Шофеъий мазҳабидаги киши денгиз ҳайвонларининг балиқдан бошқа бирорта ҳайвонни еяётган бўлса, ҳаромхўрсан деб унинг бошига урмаслик керак. Албатта ҳанафийман, деб даъво қилиб денгиз тошбақасини еяётган кишига мазҳабимизда жоиз эмас деб айтиши керак.
Олтинчиси. Қайтариш ҳам амалларда даражасига кўра бўлиши керак. Ҳаром ишни қилаётганни қайтариш даражаси бошқа, макруҳ таҳримийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, макруҳ танзиҳийнинг қилаётганнинг даражаси бошқа, афзални қилаётганнинг даражаси бошқа бўлиши керак. Бир одам дўпписиз намоз ўқиши жоиз, аммо одатда дўппи кийиб юриб намозга келганда дўпписиз бўлиши макруҳи танзиҳийдир. Дўпписиз намоз ўқиётган кишига макруҳи таҳримийни ёки ҳаромни қилган кишига берадиган жазони бериш, қаттиқ сўзни айтиш ва унга қўполлик қилиш бу динда ғулувга кетиш ҳисобланади. Биздаги жанжал-тўполонларнинг асл сабаби ҳам амалларни ва унга билдириладиганларни раддияларнинг даражасини билмаслигимиздадир. Қанча-қанча домлаликни даъво қилувчилар ихтилофларни илмий тарзда ҳал қилиш ўрнига амал қилувчиларни амалларини макруҳи таҳримийга чиқариш билан ҳал қилмоқчи бўлдилар. Уларга тобеъ бўлганлар эса, у амалларни ҳаром даражасига етказишди. Натижада бир-бирини фосиққа, янада диндан бехабарлари кофирга чиқаришгача етиб боришди. Ҳали ҳануз чап қўлида чойнакни ушлаб чой қуйган киши халқимиз орасида пиёлага туфлаб чой узатгандек қаттиқ олинади. Ҳолбуки таҳорат қилаётган киши ҳам чап қўлида обдаста ушлаб ўнг қўлида оғзига сув олади. Қолаверса чап қўлдан фойдаланиш шариатимизда қайтарилган эмас. Мўмин кишининг такаллуфлар қилишга ҳожати ҳам йўқ. Худди шунингдек баъзи бир кишилар дин илмини ўқисаларда динни тўғри фаҳмлай олмаганлар мустаҳаб, суннат амалларини халққа вожиб ва фарз даражасида деб тушунтирадилар. Намоз ўқимайди, зинони қилади, порани олади, етимни ҳаққини ейди, мўминлар қалбига озор беради, тўйда қилинадиган ёки ўлимдан кейин қилинадиган динимизда бўлмаган амалларни “қилмаса бўлмайди” деб фарз даражасига кўтаради. Қилмаганларни маломатлайди, ҳатто шу ишларни деб фарзандларини оқ қилганлар қанча. Эрларини кафангадо қилган аёллар қанча?
Динни тўғри фаҳмлаш учун дин олимлари ҳамда илмига амал қилувчи машойихлар суҳбатидан ўрганилади.
150 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلَكَ الْمُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلَاثاً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2670].
«الْمُتَنطِّعُونَ»: الْمُتَعَمِّقُونَ الْمُشَدِّدُونَ فِي غَيْرِ مَوْضَعِ التَّشْدِيدِ.