16-ҳадис

16. Абулаббос Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Робби азза ва жалладан қилган ривоятларида шундай дедилар: «Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни битиб қўйди. Сўнгра шундай баён қилди: «Ким бир яхшиликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга ўнта яхшиликдан етти юз бараваргача қилиб, ундан ҳам бир неча баравар кўп қилиб ёзади. Ким бир ёмонликни кўнгилга тугса-ю, уни қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида унга тўлиқ бир яхшилик деб ёзади. Агар шуни кўнгилга тугиб, кейин уни қилса, Аллоҳ буни унга биргина ёмонлик деб ёзади».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ислом шариатининг гўзаллигини кўринг! Бу ҳадисда у қанчалик даражада яхшилик тарафдори эканию, ёмонликка қанчалик қарши экани аниқ баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб асосан банданинг ихлосига қараб бўлар экан! Чунки бир хил ният билан бир амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса савоб берилса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб ато этилиши айтилмоқда. Савоб ихлосга қараб бўлади экан!

Ҳа, ихлос ана шундоқ нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундоқ кўп бўлади.

Ихлос самараси ўлароқ банда ўз Роббисига қилган ибодатнинг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади.

Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади.

Ихлос Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: «Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам», деган.

Ушбу биз ўрганаётган ҳадис ҳам ҳадиси қудсий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар. Келинг, ҳадис матни билан яқиндан танишиб чиқайлик:

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди».

Яъни, Аллоҳ таоло барча яхшиликларни ва ёмонликларни тақдир қилиб Лавҳул Маҳфузга ёзиб қўйди.

«Сўнгра ўшани баён қилди».

Яъни, кейин ўша ёзиб қўйган яхшиликлар нимаю ёмонликлар нима эканини юборган динлари орқали бандаларига баён қилди. Ҳаммага қайси амал яхши-ю, қайси амал ёмонлиги аён бўлди.

«Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди».

Чунки яхшиликни қасд қилишнинг ўзи яхши нарса. Яхшиликни қасд қилган банда тезда уни қилиши ҳам аниқ. Шунинг учун унга тарғиб бўлсин деб, доимо яхшилик ниятида юриши учун қилган ниятига ҳам, гарчи у амалга ошмаса-да, бир яхшилик савоби ёзилади.

«Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади».

Яъни, банда ўзи қасд қилган яхшилигини амалга оширса, Аллоҳ банданинг ихлосига қараб ўша яхшиликни Ўз ҳузурида ўнтадан то етти юзгача, ундан ҳам бир неча марта кўпроқ яхшилик қилган, деб ёзади. Ана ўшанинг савобини беради.

Демак, ният билан яхшилик қилган мусулмон одамга бериладиган энг оз ажр унинг қилган яхшилигига нисбатан ўн баробар кўп бўлади. Кўпи эса банданинг ихлосига қараб ўн биттадан бошлаб, етти юз ва ундан яна Аллоҳнинг Ўзи билганича кўпайтирилади. Бу ҳам Ислом шариатининг мислсиз гўзалликларидан, осонлигидан.

Банда ичини пок қилиши, қалбини мусаффо тутиши ва бунинг самараси ўлароқ пайдо бўлган ихлоси туфайли бировлар бир ишни қилиб олган савобдан, худди ўша ишни қилиб туриб сонсиз-саноқсиз марта кўп савоб олиши мумкин.

«Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади».

Яъни, банда бир ёмонликни қасд қилди. Сўнгра гуноҳ бўлишидан, Аллоҳнинг азобига йўлиқишидан қўрқиб, ўша ёмонликни қилмади. Шунинг ўзи яхшилик, балки яхшиликнинг бошланиши. Аллоҳдан қўрқиб ёмонликни тарк қилган одам энди яхшилик қилишга ўтади. Бу мукофот эса уни доимо яхшиликка чорлайди.

Киши ёмонликни қасд қила туриб, уни амалга оширмагани эвазига бир яхшилик савоби олиши учун, аввало, ўша ёмонликни Аллоҳдан қўрқиб тарк этиши шарт. Агар бошқа сабаб билан тарк этса, қилган ниятига яраша гуноҳ ёзилади.

Мисол учун, бирор кимса бир мусулмоннинг устидан иғво-бўҳтон қўзиш учун борса-ю, масъул одамни топа олмай қайтса, унга гуноҳ ёзилаверади. Шунингдек, ҳаром ичимлик ичмоқчи бўлган киши дўкондан ўша ичимликни топа олмагани учунгина ичмаса, қилган ёмон ниятига яраша унга ҳам гуноҳ ёзилаверади. Аммо, аввал айтгандек, ният қилгандан кейин Аллоҳдан қўрқиб, ёмонликни тарк қилса, яхшиликнинг савоби ёзилади.

«Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».

Бу ҳам Аллоҳнинг фазли ва марҳамати. Агар кўп қилиб ёзаман деса, яхшиликни кўпайтириб ёзганидек, ёмонликни ҳам кўпайтириб ёзиши мумкин эди. Аллоҳ таоло ундоқ қилмайди.

Ушбу ҳадиси шарифдан Ислом дини қанчалар яхшилик тарафдори эканини, кишилар ихлосли бўлиш учун қанчалар рағбатлантирилганини билиб оламиз.

Қайси бир дин, тузум бировга фақат яхшиликни ният қилгани учун, унга амал қилмаса ҳам, мукофот беради?

Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум бир яхшиликка етти юз ва ундан кўп баробар мукофот беради?

Исломдан бошқа қайси бир дин ёки тузум қилган ёмон ниятидан қайтган киши учун яхшилик қилганга тенг мукофот беради?

Бу ишларнинг ҳаммасида инсондан ортиқча ҳаракат ёхуд азият талаб қилинмайди. Фақат бир нарса – ўша ихлос талаб қилинади.

Ихлос эса қалбни мусаффо, ботинни пок тутиб, худди Аллоҳни кўриб тургандек У зотга суюмли бўлиш учун уриниш, холос. Ана ўша ихлос қанчалик кучли бўлса, қилинган яхши амалнинг савоби шунчалик кўпаяверади.

Ислом дини – ана шундоқ осон дин.

Ислом – ана шундоқ яхшилик тарафдори бўлган дин.

16 - وَعَنْ أَبي الْعَبَّاسِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: «إِنَّ اللهَ كتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ، ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ: فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِئَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ، وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً، وَإِنْ هَمَّ بِهَا فعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6491، م 131].


Улашиш
|
|
Нусха олиш