160-ҳадис

160. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тундаги вазифасини ёки унинг бирор қисмини қилмай ухлаб қолиб, кейин уни бомдод билан пешиннинг орасида ўқиб олса, унга тунда ўқигандек ёзилади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Вазифасини» дейилганда кўнгилли равишда ўзига ҳар куни ёки кечаси ўқиб туришни вазифа қилиб олинган намоз, Қуръон қироати, зикр ва шунга ўхшашлар кўзда тутилади. Одатда «вазифа»ни руҳий тарбия устозлари ўргатадилар.

Мусулмон банда ўзига вазифа қилиб олган нарсани ихлос билан ҳар кеча ўқиб юрсаю, баъзи сабабларга кўра, бирор кечада уни ўқий олмай ухлаб қолса ёки баъзи қисмини ўқимаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савоб ёзилади.

Демак, шунга биноан, суннат қилинган намозлар – вақтли нафллар, икки ийд, чошгоҳ, фарз намозлар билан ўқиладиган намозлар қазо қилиб ўқилади.

160 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ نَامَ عَنْ حِزْبِهِ مِنَ اللَّيْلِ، أَوْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ، فَقَرَأَهُ مَا بَيْنَ صَلَاةِ الْفَجْرِ وَصَـلَاةِ الظُّهْرِ كُتِبَ لَهُ كَأَنَّمَا قَرَأَهُ مِنَ اللَّيْلِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [747].


Улашиш
|
|
Нусха олиш