163-ҳадис

163. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен айтмаган нарсаларни мендан сўраманглар! Сизлардан олдингилар набийларидан савол сўрайверганлари ва улар билан ихтилоф қилганлари туфайлигина ҳалок бўлишган. Қачон бирон нарсадан сизларни қайтарсам, ундан четланинглар. Қачон сизларни бирон ишга буюрсам, кучингиз етганича уни бажаринглар!»

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Ислом осонлик дини экани яна  бир бор таъкидланмоқда. Агар Аллоҳ таоло истаса, ҳажни ҳар йили фарз қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо бандаларига меҳрибон Зот бу ибодатни фақатгина киши умрида бир марта фарз қилди.

Шариатда баёни келмаган нарсани гап ёки савол қилиб кўтариб юриш яхши эмаслиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқда. Модомики, шариат бир ишни ўзига киритмадими, уни ундоқ қилса нима бўлади, бундоқ қилса нима бўлади, деган саволлар ила суриштирмаслик керак. Акс ҳолда, бандалар ўз бошларига ўзлари машаққатни ошириб олишлари мумкин.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб:

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар.

Шунда бир киши:

«Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, десам вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада мени сиз тек қўйинг», дедилар».

Ҳа, бир оғиз сўз билан бутун бошли бир умматга қиёмат кунигача катта машаққат юкланиб қолиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло лутф кўрсатди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳа, демадилар. Аксинча, бундай пайтларда нима қилиш кераклиги ҳақида умумий таълимот бериб, бундоқ ишнинг оқибати нима билан тугаши ҳақида хабар бердилар:

«Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёлари ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар».

Шунинг учун мусулмон уммати ўзидан олдин ўтганлардан ибрат олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп савол бермаслиги ва ихтилоф қилмаслиги лозим. У зотдан ке­йин ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган уламоларга кўп саволлар бермаслик ва уларга қарши ихтилофлар қилмаслик керак.

«Қачон бирон нарсадан сизларни қайтарсам, ундан четланинглар. Қачон сизларни бирон ишга буюрсам, кучингиз етганича уни бажаринглар!», дедилар».

Демак, амрни қудрати етганича қилиш керак. Аммо бу маънони суистеъмол қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун, намоз ўқиш ҳақида амр бор. Биров мен фақат бомдодни ўқишга қодирман, деб қолган намозлари ўқишдан бош торта олмайди. У шариат баён қилганидек фарз намозларнинг барчасини ўқиши фарз. Аммо беш вақт намоздан бошқа яна фарз намоз борми, деб сўраши тўғри эмас.

Наҳйи қилинган нарсанинг ҳаммасини қилиш керак. Бу ишни ҳам қудратим етмаганини қилмайман, қолганини қилавераман, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

163 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «دَعُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ؛ إِنَّمَا أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ سُؤَالُهُمْ، وَاخْتِلَافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ، فَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَيْءٍ فَاجْتَنِبُوهُ، وَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بأَمْرٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7288، م 1337].


Улашиш
|
|
Нусха олиш