166. (Абу Муслим) Иёс ибн Амр ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан (овқат) еди. У зот: «Ўнг қўлинг билан егин!», дедилар. У: «(Ўнг қўлим билан) ея олмайман», деди. У зот: «Ея олмагин!», дедилар.
Бунга унинг кибригина йўл қўймаган эди. Шундан кейин уни (ўнг қўлини) оғзигача кўтара олмай қолди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан емоқдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қарамоғи лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш лозим.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом емоққа тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».
Бундоқ пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди».
Яъни, ўнг қўлим билан таом ейишга қодир эмасман. Чап қўлим билан ейишда давом этавераман, деганидир бу. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундоқ бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар».
Яъни, ўнг қўлинг билан таом ейишга қодир бўлмасанг, бир йўла қодир бўлмай қолгин, дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса манъ қилмади», деб қўшиб қўйдилар. Яъни, у одам ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, хатосини тан олишдан кибр ила бош тортиб, юқоридаги гапни айтган эди.
Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўз киборлигини устун қўядиганлар учун бу ҳам оз!
166 - الرَّابعُ : عَنْ أَبِي مُسْلِمٍ - وَقِيلَ: أَبِي إِيَاسٍ - سَلَمَةَ بْنِ عَمْرو بْنِ الأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: «كُلْ بِيَمِينِكَ» قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: «لَا اسْتَطَعْتَ» مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ فَمَا رَفعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2021].