168. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мадинада бир уй кечаси эгалари билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишган эди, у зот: «Бу олов айни душманингиздир. Ухлаганингизда уни ўчириб қўйинглар», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бундаги буйруқ умумийдир. Унга шамнинг олови ва бундан бошқаси ҳам киради. Масжидда илиб қўйилган қандил ва шунга ўхшаш нарсаларда агар ёнғин чиқиши хавфи бўлса, уни ҳам ўчириб қўйишга буюрилган. Агар ёнғин чиқишидан омонда бўлинса, зарари йўқ. Чунки бунда ёнғин чиқиш иллати йўқ. Қуйидаги ҳадисда ёнғин иллати бўлгани учун ўчиришга амр қилганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Ушбу набавий амрга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчириб ётмоғи лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:
«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур».
Бу жумладаги «фосиқча» сичқондир. Сичқон қандоқ қилиб уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбориши мумкин? Кечаси чироқни ўчирмай ётганда, ўша замондаги пиликли чироқнинг липпиллаб ёнаётганини кўрган «фосиқча» пилдираб унинг олдига келиши ва уни туртиб йиқитиб юбориши мумкин. Шу билан кўрибсизки, уйга ўт қўйилиб турибди-да.
Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.
168 - السَّادِسُ: عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: احْتَرَقَ بَيْتٌ بِالْمَدِينَةِ عَلَى أَهْلِهِ مِنَ اللَّيْلِ، فَلَمَّا حُدِّثَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِشَأْنِهمْ قَالَ: «إِنَّ هَذِهِ النَّارَ عَدُوٌّ لَكُمْ، فَإِذَا نِمْتُمْ فَأَطْفِئُوهَا عَنْكُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6294، م 2016].