169-ҳадис

 169. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илм худди ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди: унинг яхши жойлари бўлиб, сувни сингдиради ва (у ердан) кўплаб ўт-ўланлар ўсиб чиқади. Унинг қаттиқ, қурғоқ жойлари ҳам бўлиб, сувни тўплаб қолади ва Аллоҳ бу билан одамларга манфаат беради: ундан ичишади, экинни суғоришади, (униб чиққан ўт-ўлан билан) чорваларини боқишади. (Мўл ёмғир ернинг) бошқа жойига ҳам ёғади. У сув ҳам тўпланмайдиган, экин ҳам ўсмайдиган текисликдир. Мана шу Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен ила юборган нарса манфаат берган кишининг; ўзи ўрганган ва (ўзгаларга ҳам) ўргатган кишининг ҳамда бунга эътибор бермаган, Аллоҳнинг мен ила юборилган ҳидоятини қабул қилмаган кишининг мисолидир».

 

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари орқали Аллоҳ таоло томонидан юборилган Ислом шариати, исломий илмларни сувга, одамларни эса ерга ўхшатмоқдалар. Бунда жуда ҳам улкан маъно бор. Чунки сув ҳам, илм ҳам ҳаёт ҳисобланади. Сув билан ер юзидаги наботот ва жониворлар тирикдирлар. Исломий илм билан эса, қалб ва руҳлар тирикдир. Ёмғир суви ерга таъсир қилса, ҳидоят ва илм кишиларга таъсир ўтказади. Худди ер сувга нисбатан учга бўлинганидек, одамлар ҳам Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборган ҳидоят ва илмга нисбатан уч тоифага бўлинар экан.

«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илм худди ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди».

Ерга тушган кўп ёмғирнинг вазифаси ерни жонлантириш, унда ўсимликларни ўстириб, жониворларга фойда бериш. Худди шунга ўхшаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборилган ҳидоят ва илмдан мақсад ҳам кишиларнинг руҳий-маънавий ташналикларини қондириш, улар ҳаётини фойдали қилиш, икки дунё бахт-саодатига эриштиришдир.

Лекин ер турлича бўлгани сабабли унинг бўлаклари ҳам ёмғирга нисбатан ўз табиатига мувофиқ бошқа-бошқа ҳолатда бўлади. Кўрадиган нафи ҳам шунга яраша турличадир.

1. «Ернинг яхши жойлари бўлиб, сувни сингдиради ва (у ердан) кўплаб ўт-ўланлар ўсиб чиқади».

Яхши ерларга ёмғир суви яхши сингади. Ўша ерларнинг ўзи аввало ўша сувдан тўйиб-тўйиб ичади. Қолаверса, наботот ва ўсимликларни ҳам ўстиради. Яъни, ўзидан бошқаларга ҳам нафи тегади.

«Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Бас, ўзи ўрганибди. Ўзгаларга ўргатибди».

Яъни, ўша сувни қабул қилиб олиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирган ер худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Яхши ер сувдан тўйиб-тўйиб ичганидек, фақиҳ ҳам аввало илоҳий ҳидоят ва исломий илмдан ўзи манфаат олади. Кейин эса, худди яхши ер сув ичганидан кейин кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирганидек, фақиҳ ҳам ўзи манфаатланган илмлардан бошқа кишиларга ҳам беради.

2. «Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар».

Яъни, ернинг баъзи жойлари қаттиқ экан. Сувни ўзига сингдириб, ундан ичиб, манфаат олмабди. Лекин ўзига тушган сувни тутиб, сиртида ушлаб турибди. Унда тўпланиб қолган сувдан одамлар фойда олибдилар. Ўзлари ичибдилар, ҳайвонларини суғорибдилар ва экинзорларига ишлатибдилар. Ана ўшандай ер, яъни, яхши ердан:

«Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди».

Яъни, сувни қабул қилмай ўзида тутиб турган ер Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила юборган нарса – ҳидоят ва илмга эътибор бермаган кишига ўхшайди. Булар илмига амал қилмаган кишилардир. Улар худди қаттиқ ер сувни тутиб қолгандек, илмни тутиб қоладилар. Аммо ўша қаттиқ ер ўзи тутиб турган сувдан ўзи фойдаланмаганидек, булар ҳам ўзларига берилган ҳидоят ва илмдан ўзлари фойда олмайдилар. Лекин сувни тутиб турган ердаги сувни ичган, ҳайвонларини суғорган ва экинига ишлатганларга ўхшаб, илмига амал қилмаган одамдан илм ўрганиб, амал қилганлар фойда оладилар.

3. «Ернинг баъзи жойлари текис экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан».

Ўзига тушган ёмғирдан ўзи ҳам фойда олмас, ўзгаларга ҳам фойда бермас экан. Бу:

«Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди».

Яъни, Ислом ҳидояти ва илмини қабул қилмаган кофирга ўхшайди. Ўзи ҳам баҳра олмайди, ўзгага ҳам бермайди.

Ҳаётимизда бу ҳадиси шарифга қатъиян амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан берилган ҳидоят ва илмдан қанча кўпроқ олишга эришсак, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоят ва илмни шунча кўпроқ бошқаларга етказишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шу билан бирга, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоятда собитқадам бўлиб, ўрганган илмимизга амал қилмоғимиз керак. Зинҳор ва зинҳор Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ҳидоят ва илмни қабул қилмайдиганлардан бўлиб қолмайлик! Ана шунда икки дунё саодатига, иншааллоҳ, эришамиз!


169 - السَّابِعُ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ مَثَلَ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ مِنَ الْهُدَى وَالْعِلْمِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَصَابَ أَرْضاً، فَكَانَتْ طَائِفَةٌ طَيِّبَةٌ، قَبِلَتِ الْمَاءَ فَأَنْبَتَتِ الْكَلأَ وَالْعُشْبَ الْكَثِيرَ، وَكَانَ مِنْهَا أَجَادِبُ أَمْسَكَتِ الْمَاءَ، فَنَفَعَ اللهُ بِهَا النَّاسَ، فَشَرِبُوا مِنْهَا وَسَقَوْا وَرَعَوا، وَأَصَابَ طَائِفَةً مِنْهَا أُخْرَى، إِنَّمَا هِيَ قِيعَانٌ لَا تُمْسِكُ مَاءً وَلَا تُنْبِتُ كَلأً، فَذَلِكَ مَثَلُ مَنْ فَقُهَ فِي دِينِ اللهِ تَعَالَى، وَنَفَعَهُ بِمَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ، فَعَلِمَ وَعَلَّمَ، وَمَثَلُ مَنْ لَمْ يَرْفَعْ بِذَلِكَ رَأْساً، وَلَمْ يَقْبَلْ هُدَى اللهِ الَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 79، م 2282].

«فَقُهَ» بِضَمِّ الْقَافِ عَلَى الْمَشْهُورِ، وَقِيلَ: بِكَسْرِهَا، أَيْ: صَارَ فَقِيهاً.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш